Янги йилдан офатлар оқибатида ҳужжатини йўқотганлар жазога тортилмайди. Ҳужжатлар давлат ҳисобидан тикланади

Сирдарё вилоятида Сардоба тўғони ёрилгани оқибатида минглаб уйларни сув босган ва минглаб кишилар ҳужжатларини йўқотган эди.

Адлия вазирлигининг 23 октябрда билдиришича, “Фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон ва хорижий давлатда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларини тиклашда улар давлат божи ва йиғимлардан озод қилинади.

Офатлар юз берганлигини тасдиқлаш зарурати туғилганда, ҳужжатни тиклаш ваколати бўлган давлат органининг сўровига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан маълумотнома берилади.


Хориждаги офат туфайли ҳужжатини йўқотганларга эса хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд халқаро шартномаларга мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида ҳужжатлари қайта тикланади.


Ўзбекистон ҳудудида офатлар юз берганлиги оқибатида ҳужжатларни тиклаганлик учун ундирилмаган тўловлар, мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахслар (ташкилотлар) мавжуд бўлса, кейинчалик улардан регресс тартибида ундирилади.


Офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг ҳужжатлари йўқотилса ёки яроқсиз ҳолга келса, уларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмайди.