Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон консулхонаси очилди

Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида 27 октябрь куни Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Мазкур Бош консулхона округига Гуандун, Фуцзянь, Хунань, Хайнань провинциялари ҳамда Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном тумани киради.

Консулхона очилиш маросимида йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуанчжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари сингари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам ўтказилган.