Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ўт ўчирувчи сифатида пул йиғаётганларга алоқаси йўқлигини билдирди

Ўзбекистонлик ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчириш жараёнида.

Ўзларини давлат ёнғин назорати органи ходими сифатида таништириб, аҳолидан «йиллик тўлов» қабилида мажбурий равишда пул йиғаётган шахслар Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига алоқадор эмас. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида маълум қилинди.

Вазирликнинг билдиришича, сўнгги йилларда, асосан, куз-қиш мавсуми бошланиши билан махсус кийимдаги шахслар ўзларини ўт ўчирувчи сифатида таништириб, ҳудудларда мажбурий тўлов ундириш билан шуғулланиб келмоқда.

Шу муносабат билан Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги аҳолини ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигидан огоҳлантирган.

Айни пайтда вазирлик Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фавқулодда вазиятлар, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбиркорлик субъектлари фаолият юритишини билдирган.

Вазирлик, шундан келиб чиққан ҳолда, ўзини ФВВнинг қуйи тизимларига ўхшаш ташкилотлар номлари билан таништирган шахслардан, биринчи навбатда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сўрашни тавсия қилди.

Бундан ташқари вазирлик аҳолини тадбиркорлик субъектлари томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат фуқаронинг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлигини эслатди.

“Агар хизмат кўрсатмасдан ёки фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиши мумкин”,-дейилади расмий билдирувда.