Бухоро вилоятига янги ҳоким тайинланди

Бухоронинг аввалги ҳокими Каримо Камоловнинг коронавирусдан ўлганидан икки ой ўтиб унинг ўрнига янги ҳоким тайинланди.

Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Зарипов ҳокимликка тайинланишидан олдин “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

Вилоятга вақтинча раҳбарлик қилган Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

Ботир Зарипов 1969 йил 20 ноябрда Ғиждувон туманида туғилган. 1997 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган.

1997-1998 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Бухоро бўлинмаси Юридик ва жисмоний шахсларни кредитлаштириш бўлими бошлиғи, 1998 йилда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Бухоро бўлинмаси Қоровулбозор филиали қурилиши бошлиғи, 1998-2005 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Бухоро бўлинмаси Қоровулбозор филиали бошқарувчиси, 2005-2006 йилларда Марказий банк Бухоро вилояти Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари - Инкассация бошқармаси бошлиғи бўлган.

У 2006 йилда Марказий банкнинг Бухоро вилояти Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2006-2008 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Бухоро бўлинмаси бошқарувчиси, 2008-2012 йилларда Марказий банк Бошқаруви раисининг ўринбосари, 2012-2013 йилларда Марказий банкининг Нобанк кредит ташкилотларини назорат қилиш ва тартибга солиш департаменти директори, 2013-2015 йилларда Марказий банк Кредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти директори, 2015-2016 йилларда АТ “Агробанк” Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2016-2019 йилларда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган.

Шу йилнинг август ойи охирларида Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 66 ёшида коронавирус инфекциясидан вафот этган эди.