Коронавирусдан расман 591 киши ўлгани билдирилди. Жамоатчилик бу рақамга ишонмаяпти

Пандемия пайтида ўзбекистонлик шифокорлардан 500 нафардан кўпроғи вафот этгани айтилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир суткада коронавирусдан яна 2 бемор ўлганини ва жами вафот этганлар сони бу билан 591 нафарга етганини маълум қилди.

Айни пайтда жамоатчилик вазирликнинг коронавирусдан ўлимлар сони бўйича бераётган расмий статистикасига ишончсизлик билан қарамоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва Озодлик суриштируви натижасида қўлга киритилган норасмий маълумотларга кўра, пандемия пайтида ўзбекистонлик шифокорлардан 500 нафардан кўпроғи вафот этган. Бу ҳақда Озодлик радиоси 10 ноябрда маълум қилган.

Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда 500дан ортиқ тиббиёт ходими COVID-19дан ўлгани айтилмоқда - расмийлар изоҳ бермаяпти

“Дарё” нашри эса ўз мустақил ҳисоб-китобидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда коронавирус камида 610 кишининг умрига зомин бўлганини билдирмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокимиятининг билдиришича, вилоятда 27 нафар тиббиёт ходими вафот этган. Улардан 21 нафари врач, 6 нафари ҳамширадир.

Бунга қадар пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимларининг исм-шарифлари фақат “Фидокорлар” телеграм каналида чоп қилиниб келинар эди.

Телеграм каналининг маълумотларида қайд этилишича, 2020 йилда 485 нафар тиббиёт ходими вафот этган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 июль куни фақатгина икки нафар тиббиёт ходими COVID-19дан ўлганини билдирганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан бошлаб вафот этганлар қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисида маълумотларни яшириб келмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 11 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 69 397 нафарга етганини билдирди.

Ҳозирда мамлакатда 2 134 нафар бемор касалхоналарда даволанмоқда.