Мирзиёев Қирғизистоннинг муваққат раҳбари Садир Жаппаров билан мулоқот ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг муваққат раҳбари Садир Жаппаров билан телефон мулоқоти ўтказган.

Бу Мирзиёевнинг Жаппаров билан илк мулоқотидир.

Садир Жаппаров Қирғизистоннинг ўтган ойги "Халқ инқилоби" ортидан қамоқдан озод этилгач, қудратга келган эди.

Ўзбекистон расмий матбуоти хабарларига кўра, Мирзиёев ва Жаппаров телефон мулоқоти чоғида икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни, савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ҳудудлараро ва гуманитар алмашинув соҳаларида, бошқа устувор йўналишларда "кенгайтиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳа ва дастурлар"ни муҳокама қилишган.

Шунингдек, мулоқотда давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия, шунингдек, Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ва Чегарадош вилоятлар раҳбарлари кенгаши ишини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатларига қарши курашиш масалаларида ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ва кўмаклашишни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.