Раҳбарликка қўйиладиган кадрлардан давлат тили бўйича сертификат талаб қилинади

Ўзбекистонда раҳбар ва раҳбарликка тайинланадиган кадрлардан давлат тилини билиш ҳамда бу тилда иш юрита олишини кафолатловчи сертификат талаб қилиниши мумкин.

"Давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатни жорий этиш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 13 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, давлат ишига тайинланадиган раҳбар кадрларнинг ўзбек тили ва адабиёти ҳамда давлат тилида иш юрита олиш қобилиятини тест асосида баҳолаш, уларга сертификат бериш тартиби жорий этилиши белгиланган.

2023 йил 1 январдан бошлаб, раҳбарлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслардан шундай сертификатни талаб қилишни бошлаш кўзда тутилган.

Лойиҳада қайд этилишича, раҳбарлардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида тест топшириш ҳамда қисқа муддатли ўқув курсларида малака ошириш талаб қилиниши мумкин.

Тестни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ўтказади, тест топшириқлари эса айни марказ ўқув дастурига мувофиқ шакллантирилади.

20 октябрда "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон қабул қилинган.

Фармонни имзолаган президент Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идораларга 3 ой ичида раҳбар кадрларнинг давлатини тилини билишини аниқлайдиган миллий тест тизимини ишлаб чиқиш вазифасини топширган эди.