Аҳолидан "истеъмол саватчаси"ни шакллантириш бўйича сўровда қатнашиш сўралди

Сабзавотлар растаси, Тошкентдаги бозорлардан бири.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси "истеъмол саватчаси" кўламини аниқлаш учун сўров эълон қилди.

Сўровда иштирокчилардан нон, гўшт, сабзавот, мева ва бошқа маҳсулотларни бир кун, уч кун ёки бир ҳафта ичида қанчадан истеъмол қилиши сўралган.

Бундан ташқари, бошқа зарур истеъмол моллари бўйича эҳтиёжни аниқлаш учун саволлар берилган.

19 ноябрь куни эълон қилинган сўровдан йиғилган маълумотлар миллий «истеъмол саватчаси» лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олиниши айтилган.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Ўзбекистонда "истеъмол саватчаси" ҳажмини аниқлаш бўйича методология ишлаб чиқилганини 2019 йилнинг декабрида маълум қилган эди.

Ўшанда саватчага тахминан 50 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти киритилиши айтилган, хизмат турлари келтирилмаган эди. Қиёс учун АҚШда 300, Буюк Британияда 350, Германияда эса 470 турдаги маҳсулот ва хизмат киритилган.

"Истеъмол саватчаси" - муайян вақт давомида (ой, йил) бир инсон ёки оила истеъмол қиладиган зарурий маҳсулотлар, товарлар ва хизматлар жамланмасининг энг кам миқдорини белгилайди.