Монополия қўмитаси чигит савдосини чеклаган 3 та ҳокимлик устидан иш қўзғатганини маълум қилди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликларининг пахта чигитини бошқа вилоятларга чиқармаслик қарорини ноқонуний, деб топди.

Қўмита сайтида берилган баёнотда айтилишича, бу ҳокимликлар олиб чиқилаётган чигитни тўхтатиб қолиш ҳақида ҳудудий ИИБларга оғзаки топшириқ берган ва бу топшириқ ноқонуний равишда берилган.

Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, биржа савдоларида чигит савдоси бўйича ҳудудий чекловлар назарда тутилмаган, аммо ҳокимликлар чигитни фақатгина ўз ҳудудида сотиб олиниши ва ташқарига чиқармаслик бўйича кўрсатма бермоқда.

"Бугунги кунда қўмита томонидан юқорида тилга олинган вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди", дейилади қўмита баёнотида.

Айни пайтда, қўмита қўзғаган иш, бу ҳокимларга қандай ҳуқуқий оқибатларни олиб келиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилмади.

Аввалроқ Gazeta.uz нашри, вилоят ҳокимиятлардан биридаги ахборот манбасига таяниб, ҳокимликлар ўрнатиб олган тақиқ тадбиркорларга жиддий зарар келтираётгани, уруғлик чигит кластерлари эса тўловни вақтида ўтказа олмаётгани ҳақида ёзган эди.