Наманганда 6 киши автоҳалокатда ўлгач, умумий аҳволни ўрганадиган республика комиссияси тузилди

Наманганда 16 декабрь куни юз берган мудҳиш автоҳалокат, 2020 (ИИВ)

Наманганда 16 декабрь куни юз берган мудҳиш автоҳалокат муҳокамасига бағишланган махсус йиғилиш бўлди.

Шаҳардаги йирик чорраҳада MAN русумли юк машинаси Nexia русумли енгил автомобил билан тўқнашган ва 6 киши ўлган эди.

Daryo.uz нашрининг 20 декабрь куни хабар қилишича, бу ҳалокат оқибатларига бағишланган йиғилишда автоҳалокат сабабларини ўрганиш учун республика комиссияси тузилгани ва Наманганда ўрганишлар олиб бораётгани айтилган.

Комиссия дастлабки хулосаларига кўра, ҳалокат бўлган чорраҳада синов тариқасида светофор ўрни ўзгартирилган ва янги чорраҳа ташкил этилган, бундан ташқари, юк автомашиналари юкини ўлчаш учун тарозилар сонини кўпайтиришга қарор қилинган.

Ички ишлар вазирлигининг ЙҲХББ ахборот хизмати берган маълумотга кўра, 16 декабрь кунги ҳалокатда Nexia автомобилида бўлган 42 ёшли Н.М, 39 ёшли М.Х., 34 ёшли Г.Ш, 13 ёшли М.Б., 10 ёшли А.Б. ва 7 ёшли М.Ш. ҳодиса жойида ёниб кетиб, вафот этган. Ўлганларнинг 4 нафари 1 оила аъзосидир.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Наманган вилояти ИИБ ТБ томонидан мамлакат Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.