Ўзбекистоннинг 2021 йилги давлат бюджети тасдиқланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг 2021 йил учун Давлат бюджетини тасдиқлаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Молия вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг 2021 йилги давлат бюджети иқтисодда 5,1 ўсиш башорати ҳисобга олинган ҳолда тасдиқланган.

Қонунда қуйидаги бандлар бор:

  • Коронавирус пандемияси давом этаётган бир пайтда фуқароларимизни ижтимоий қўллаб қувватлашни давом эттириш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида, 2021 йил учун Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари баланси кутилаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиз миқдорида тақчиллик билан шакллантирилган;
  • Бунда, Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн. сўм, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 165,8 трлн. сўм миқдорида;
  • Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн. сўм миқдорида, харажатлари эса 40,7 трлн. сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат бюджетидан трансфертлар ажратиш орқали қопланиши кўзда тутилган.

Хусусан, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн. сўм, харажатлари 36,5 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 14,7 трлн. сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тушумлари эса 5,3 трлн. сўмни, харажатлари эса 13,4 трлн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.