Тошкент вилояти ҳокими ишдан олинди, ўрнини Ортиқхўжаевнинг собиқ ўринбосари эгаллади

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов президент фармони билан ишдан олинди.

Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Олдинроқ президент Шавкат Мирзиёев битта ҳоким ва вазир ишдан олинишини эълон қилганди. "Садоқатли одам, лекин ишни бажара олмаяпти. Аравани тортмаяпти", — деганди президент ишдан кетадиган ҳоким ҳақида гапириб.

Холматов 2019 йил июнь ойидан Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланган эди. Ундан олдин Рустам Холматов Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Президент фармони билан, шу вақтга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Шавкат Мирзиёев яқин орада бир ҳоким ва бир вазир лавозимини тарк этишини айтганди.

29 январь куни Спорт вазири Дилмурод Набиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани хабар қилинди.

Шавкат Мирзиёев Спорт вазири вилоятларда етарлича ишламаётгани ҳақда айтар экан:

"Иккитаси кетади, ноинсофлар. Бош вазирга айтганман, ўнта вазирни ишдан олишимиз керак, деб. Иккитаси ишдан олинди, лекин бу ҳали етарли эмас", — деганди Мирзиёев.