Қурилиш вазирлиги: Бухородаги портлаш рўй берган 8 қаватли уй ноқонуний қурилган

Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги Бухоро шаҳридаги янги қурилган уйларнинг бирида газ баллони портлаши билан боғлиқ ҳодиса бўйича ўрганиш ишлари натижасини эълон қилди.

Вазирликка кўра, мазкур кўп қаватли бинонинг қурилиш ишлари ўзбошимчалик билан бошланган.

"Лойиҳа вилоят шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланмаган ва ижобий экспертиза хулосаси олинмаган", - дейилади хабарда.

4 феврал куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида жойлашган қурилаётган саккиз қаватли бинода портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, кўп қаватли бинонинг учинчи қаватида газ баллони портлаган. Натижада икки киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.