Бир кунда 186 кишида коронавирус аниқланди, ўлим сони яна биттага кўпайди

Uzbekistan - First Aid to COVID patients in Tashkent

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича 2021 йилги кунлик антирекорд янгиланди.

26 март куни 186 кишида касаллик аниқланган. Бу жорий йилдаги энг юқори кунлик рақам.

Шундай қилиб инфекция қайд этилганларнинг умумий сони 82 146 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, касалликдан яна бир киши нобуд бўлган. Касалликдан вафот этганлар сони 625 нафарни ташкил этмоқда.

Мутахассислар Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони расмий статистикада келтирилганидан анча кўп бўлишини назардан қочиришмайди. Чунки коронавирус статистикасига Ўзбекистонда пневмония қайд этилган беморлар киритилмайди.

Ўзбекистонда кундалик ҳолатлар ортиши сабабини мутахассислар одамларнинг хотиржам бўлиб қолгани, санитария талабларига риоя қилмай қўйгани, жамоат жойларида оддий ниқоб тақиб юришни унутаётгани ҳамда тўй ва байрамларда ижтимоий масофага амал қилинмаслиги билан изоҳлашади.