Коронавирус: Ўзбекистон вилоятларида ҳам кунлик холатлар ортмоқда

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда мамлакатда 467 кишида коронавирус аниқланиб, 2 бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.

Вазирликка кўра янги касалланиш ҳолатлари вилоятларда ҳам ортган. Энг кўп холат Самарқанд, Жиззах, Андижон ва Тошкент вилоятида қайд этилган. Бу вилоятларда кунлик холатлар олтмиштадан кўпни ташкил этади.

Пойтахт Тошкентда эса кунлик кўрсаткич юздан ошади.

Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 747 нафарни ташкил қилди.

Кузатувчилар касалланиш холатлари расмий статистикадан кўп бўлишини истисно қилишмайди.