Фарғонада 40дан ортиқ уйни сел босди, тошқинлар оқибатида жабрланганлар йўқ

4 август куни Фарғона вилояти Сўх тумани «Ҳушёр» сел ўзанига қўшни Қирғизистондан сел келгани оқибатида тумандаги ички йўлни бир-бири билан боғлайдиган кўприкка зарар етганди.

Фарғонанинг Сўх туманида қирқдан ортиқ хонадонни сел ювиб кетди. Сел тошқинлари оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, сел оқимлари Боткен вилояти Қадамжой туманидаги тоғ ва адир ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши оқибатида ҳосил бўлган.

Вазирликка кўра, Фарғона вилояти Сўх туманида жойлашган «Навобод» МФЙ ҳудудидаги «Малбут», «Девайрон-Умбара», «Қалача», «Тул» ва «Полохона» сел йўлларидан 30 метр куб миқдорида сел оқимлари ўтган.

Сел ўтиши оқибатида Сўх тумани ҳудудидан ўтувчи Сўх—Риштон автомобиль йўлининг 80 метр қисми лой аралаш шағалга тўлиб қолган.

4 август куни Фарғона вилояти Сўх тумани «Ҳушёр» сел ўзанига қўшни Қирғизистондан сел келгани оқибатида тумандаги ички йўлни бир-бири билан боғлайдиган кўприкка зарар етганди.

Гидрометеорология хизмати маркази жорий йилнинг 8-9 кунлари ҳам мамлакатнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик кузатилиши ва сел келиши хавфи сабаб аҳолини огоҳ бўлишга чақирди.