Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 25 нафар тарбияланувчиси заҳарлангани бўйича текширув бошланганини маълум қилди.
“Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижалари ҳақида қўшимча хабар қилинади”, дейилади хабарда.
2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жоялаштирилган.
6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолмоқда.