Ўзбекистонда коронавирусга қарши ишлатиладиган дориларни сотаётган шахслар ушланган

Самарқанд Ички ишлар бошқармаси вилоятда пандемия даврида талаб юқори бўлган "Ремдесивир" дорисини ноқонуний сотаётган шахслар ушлангани хақда хабар қилди.

ИИБ ахборот хизматига кўра, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У мурожаатида икки нафар шахс пандемия шароитида коронавирусни даволаш учун ишлатиладиган дориларни қонунга хилоф равишда сотиб келаётгани, жумладан, "Ремдесивир" дори воситасининг ҳар бирини 650 минг сўмдан сотаётганини билдирган.

Бундан ташқари, ноқонуний тарзда дори сотаётган шахслар фуқарога яна 300 дона "Ремдесивир" дорисини Тошкент шаҳридан олиб келиб беришини айтган.

"Жорий йил 13 август куни ИИВ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, вилоят ИИБ ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида М39 халқаро автомобиль йўлининг Самарқанд тумани Қўштамғали маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда икки нафар шахс ариза муаллифига 300 дона «Ремдесивир» дори воситасини бериб 193 миллион сўмни ҳисоблаб 18 400 доллар олаётганда ушланди", - дейилади ИИБ билдирувида.

Бундан олдин Жиззах ва Тошкентда "Ремдесивир" дориси ҳамда коронавирусга қарги эмлаш воситалари ноқонуний сотилаётгани ҳақда Озодлик хабар берганди.

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган беморлар касалхонага ётқизилгани тақдирда дори-дармонларни ўзлари сотиб олишади.

Ҳозирда Ўзбекистонда расмий статистикага кўра, коронавирусга чалиниш холатлари кунига 900 кишини ташкил этмоқда.