Ўзбекистонда болалар орасида коронавирус, Зангиотадаги марказга кунига 25 нафар ўғил-қиз ётқизиляпти

Ўзбекистонда болалар орасида ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Тошкент шаҳри яқинидаги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси раҳбари Анвар Ҳусановнинг "Қалампир" нашрига айтишича, шифохонасига кунига ўртача 25 нафар ўғил-қиз ётқизиляпти.

Улар асосан кенг тарқалган дельта штамми билан касалланяпти.

Анвар Ҳусановнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда пойтахт ва Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар фақат Зангиота 1-сон ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида қабул қилиняпти.

“Марказимиз 2 минг ўринга мўлжалланган. Ҳозир бу ерда 1 минг 600 нафар бемор муолажа оляпти. Уларнинг 26 фоизи олтмиш ёшдан ошган фуқаролар бўлса, 160 нафарга яқини болалардан иборат”, деб айтган Ҳусанов "Қалампир" нашрига.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқаролар сони, жорий йилнинг 7 октябрь ҳолатига кўра, 4 миллион 941 минг 860 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан шу кунгача мамлакатда 21 миллион 978 минг 290 доза вакцинадан фойдаланилганини билдирган.

ССВ қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 419 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 177 минг 383 нафарга етган.