Тошкент ИИББ Юнусободдаги масжидда жума намози пайтидаги жанжал бўйича маълумот берди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Юнусободдаги масжидда жума намозида рус йигитининг ислом динини қабул қилган пайтда жанжал кўтарган шахс "даволанишга жойлаштирилган"ини маълум қилди.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманидаги масжидда жанжал кўтаришга уринган эркак видеоси тарқалган эди.

Унда йигит сўзга чиққан вақтда бошқа бир эркак бақир-чақир қилиб норозилик билдиргани акс этган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билдирувида айтилишича, 26 ноябрь куни ўтказилган жума намози давомида имом-хатиб бир йигит ислом динини қабул қилиб, мусулмон бўлмоқчи эканини маълум қилган.

Сўнг йигитга сўз берилган ва у жамоага рус тилида мурожаат қилган. Кўпчилик унинг сўзларини тўғри тушунган, аммо бир эркак ҳолатга норозилик билдиришни бошлаган. Масжид жамоаси уни кўчага олиб чиққан.

"Аниқланишича, ушбу шахс 41 ёшли А. бўлиб, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида ҳисобда туради. Кейинчалик у тиббиёт муассасасига даволаниш учун жойлаштирилди", дейилади Тошкент ИИББ баёнотида.

Аммо, йигит қандай касллик бўйича ҳисобда туриши ва айнан қандай тиббиёт муассасасига жойлангани ҳақда баёнотда айтилмаган.

Гувоҳлар жанжалкаш руҳий касаллар шифохонасига олиб кетилганини айтишмоқда.