Маблағлар мақсадсиз сарфлангани ҳақидаги даъволарга қарамай ОТБ Ўзбекистонга яна кредит ажратмоқда

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес учун шароитларни яхшилаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида мамлакатга 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллаган.

“Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришда давом этмоқда, кичик ва ўрта корхоналар мамлакатда иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратишга салмоқли ҳисса қўшмоқда”, деган ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Унинг сўзларига кўра, ушбу дастур ОТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесни кўп йиллик қўллаб-қувватлашига асосланади ва ушбу корхоналар учун қулай муҳитни яхшилашга ёрдам беради.

Шу ҳафта бошида Прагадаги "Банкуотч" ташкилоти Ўзбекистонда ОТБ коронавирусга қарши курашга ажратган маблағлар мақсадсиз сарфланганини айтиб чиққанди.

"Биз давлат харидлари, контрактлар ва шу контрактларни қўлга киритган ширкатларни ўрганиб чиқдик. Коррупцион хатарлар билан боғлиқ тенденциялар бор, деган хулосага келдик" , - деган ташкилот вакили Нина Лесикхина Озодлик билан суҳбатда.

Мавзуга алоқадор “Банкуотч": Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга ажратилган маблағлар мақсадсиз сарфланган

Ўзбекистон 1995 йилда ОТБга аъзо бўлганидан бери банк мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратган.