Шароф Рашидовнинг қизи АҚШда вафот этди

Совет Ўзбекистони раҳбари Шароф Рашидовнинг қизи 70 ёшида АҚШда вафот этди.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги “Tashkent Retrospective” гуруҳида маълум қилинган.

Светлана Рашидова 1952 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси бош котиби Шароф Рашидов оиласида туғилган.

Тошкент Давлат университетининг романо-герман факультетини тамомлаган. Москва давлат университетида чет эл адабиёти фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Тошкент давлат университетининг роман-герман факуьлтетида ишлаган.

1971 йилда Алишер Воҳидовга турмушга чиққан. Алишер Воҳидов Нью-Йоркда 1994 йилдан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили вазифасини бажарувчи, 1997-2008 йилларда эса республиканинг БМТдаги элчиси, доимий вакили лавозимларида ишлаган.

Светлана Шарофовна БМТ делегациялари меҳмондўстлик қўмитасининг БМТдаги дипломатларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича вице-президенти сифатида Нью-Йоркдаги жамоат ишларида фаол иштирок этган. Сўнгги йилларда у касал эди ва 14 декабрда вафот этди.

Унинг бир ўғил, бир қиз фарзанди бор.