Владимир Норов ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланди

Владимир Норов, 31 декабрь, 2021

31-декабр куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъат йиғилишида Владимир Норов вазир ўринбосари этиб тайинлангани маълум қилинди.

Норов президент Шавкат Мирзиёевнинг 30-декабрдаги 74-сонли қарори билан Ташқи ишлар вазирлигига қайтарилди.

В.Норов муқаддам Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, Ўзбекистон ташқи сиёсатида катта тажрибага эга мулозимлардан биридир, Фавқулодда ва Мухтор Элчи дипломатик даражасига эга.

У 2017—2019 йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори лавозимида ишлаган. 2019-2021 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимида ишлаган.

Мулозим турли йилларда ташқи ишлар вазири ўринбосари, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир, президентнинг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси ва бошқа лавозимларда фаолият кўрсатган.

Норовни ТИВ ходимларига тақдим қилиш тадбирида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Алишербек Пайгамов қатнашган.