Мундиал якунлари: Кейинги чемпионатга қайси мураббий билан чиқилади?

Жаҳон чемпионатида тўп сурган ўзбек терма жамоаси, июнь, 2026

Ўзбекистон терма жамоаси учун илк Жаҳон Чемпионати тугади, жамоа ватанига қайтди.

Жамоанинг натижаси — учта мағлубият ва 2:11 кўринишидаги тўплар нисбати.

Ҳозир футбол ишқибозлари ва мутахассислари бу натижа ҳамда келгуси чемпионат имконлари устидаги баҳсларни бошлаб юборди. Яна танқидлар марказида мураббий масаласи қолмоқда.

Ўзбекистон терма жамоасининг илк Жаҳон чемпионатидаги сўнгги ўйини - Конго Демократик республикаси жамоасига қарши учрашувда аввалига команда сардори Элдор Шомуродов 10-дақиқада ҳисобни очди ва ушбу гол билан Ўзбекистон ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионатидаги ўйинда етакчиликни қўлга олди.

Бироқ бу қувонч атиги 58 дақиқа давом этди.

Иккинчи таймда Йоан Висса 68-дақиқада пеналтини аниқ амалга оширди, 78-дақиқада Фистон Майеле конголикларни олдинга олиб чиқди, қўшиб берилган дақиқаларда эса Висса дублни расмийлаштирди.

"Кўчада ҳам одам ўзидан кучлироқ одам билан уришаётганда сал довдираган пайтида кўпроқ уриб олиши керак. Агар рақиб яна ўзига келиб, ўрнидан туриб оладиган бўлса, албатта жавоб зарбалар беради. Конго билан айнан шундай бўлди. Кучлар ўртасида озгина фарқ бор эди. Тўғри Колумбиячалик эмас, Португалиячалик эмас, лекин Конго ҳам бизнинг терма жамоамизга нисбатан кучлироқ эди. Агар номма-ном лигаларни оладиган бўлсак, фарқ бор эди ва ўша фарқ менимча иккинчи бўлимда жисмоний томонлама, тактик томонлама ўзини яхши кўрсатди. Ва Конго ҳақли ғалабани қўлга киритди", дея шарҳлади бу ўйинни ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Хамидов.

Шу тариқа, ҳозиргача Колумбия етти очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади, Португалия беш очко билан иккинчи бўлди. Тўрт очко тўплаган Конго ДР жамоаси учинчи ўрин эгалари орасидаги энг яхши жамоалардан бири сифатида плей-оффга йўл олди.

Ўзбекистон эса ўйинларни якунлади ва уйга қайтди.

Мавзуга алоқадор

ЭКСКЛЮЗИВ: Мухлислар Ўзбекистон-Португалия ўйини арафасида Хюстонга йиғилди

Мутахассислар бунга бир эмас, бир неча сабаб бор ва бу сабаблар бир-бирига боғланган занжир, демоқда.

Жумладан, бу борада жамоа илк бор амалда дуч келган рақибларнинг даражаси, турнир тажрибасининг етишмаслиги ва майдонга чиқишдан олдин қабул қилинган қарорлар тилга олинмоқда.

“Биринчи омил — бу мураббий. Иккинчи омил, фикримча, айрим футболчилар ўзларини ўйинга тўлиқ бермади. Эҳтимол, жароҳат олиш ва эндигина ривожлана бошлаган клубдаги фаолиятига зарар етказишдан қўрққандир. Учинчи асосий омил эса қуръа ташлаш натижаси бўлди. Улар жуда кучли гуруҳга тушиб қолишди. Ўйинлар тақвими ҳам таъсир кўрсатди. Масалан, агар улар дастлаб Конгога қарши ўйнаганида, натижа бошқача бўлиши мумкин эди. Аммо кетма-кет иккита мағлубиятдан кейин руҳий жиҳатдан тикланиш жуда қийин. Айниқса, Португалиядан 0:5 ҳисобида ютқазгандан сўнг бундай ҳолатдан чиқиб, кейинги ўйинда ғалаба қозониш жуда мушкул", деди Душанбе футбол клуби бош директори Хабир Давлатов.

Ўзбекистон жамоаси сардори Элдор Шомуродов эса чемпионат натижасига босиқлик билан баҳо берди.

Унинг сўзларига кўра, бирорта ҳам ўйинда ғалаба бўлмагани афсусланарли, бироқ чемпионатда - бошқа даража ва олдинда жамоанинг ҳали ривожлантириши керак бўлган жиҳатлари кўп:

"Энди биз заиф томонларимизни биламиз. Жаҳон чемпионати даражасида ўзимизни синаб кўрдик. Колумбия ва Португалия ўйинлари эсимизда қолади. Биз "0" очко тўплаган эканмиз, демак бу - бизнинг ўрнимиз. Энди асосийси - ўсиш. Мухлисларни хурсанд қила олмаганимиз учун улардан узр сўрайман".

Шунингдек, чемпионатдаги ўйинларда таблода кўринмайдиган, аммо ҳар бир ўйинда сезилган яна бир омил бор эди.

Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, бу ерда гап тактика эмас, балки психологияда кетмоқда. Бундай даражадаги турнирда илк бор қатнашган жамоа ҳали руҳан тайёр бўлмаган босимга дуч келди.

"Агар майдонда ҳаракат қилаётган 11 футболчидан камида уч-тўрт нафарида ҳаяжон бўлса, ўзига бўлган ишонч етишмаса, бу - ўйинни ўта қийинлаштирадиган жиҳатга айланади. Биз уччала ўйинни ҳам шунинг эвазига ютқиздик, деб ҳисоблайман. Чунки назаримда терма жамоа футболчиси - биринчидан, доимий прогрессда бўлган футболчи бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Иккинчи навбатда, терма жамоа футболчиси ё тўғри пас бериши керак, ёки тўпни ушлаб туриши керак. Ҳар икки ҳаракат ҳам айнан шу кўтаринки руҳ билан боғлиқ. Тўпни ушлаб турган пайтда довдираб қолмаслиги айнан ўзига ишонч билан боғлиқ. Алоҳида футболчилар номига нимадир дейишимиз ҳозир тўғри эмас. Жаҳон чемпионатида биз иккитта гол урдик, ҳаттоки тўртта гол урдик, гарчи майли иккитаси ҳисобланмади. Муносиб қаршилик кўрсатдик, қайсидир дақиқаларда тенгма-тенг ўйнай олишимизни ҳам кўрсатдик. Лекин ўзига бўлган ишонч етишмади болаларга".

Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳузуридаги миллий терма жамоалар собиқ директори Азизбек Ҳайдаров эса мураббий масаласида кескин фикр билдирди:

"Фабио Каннаварони Ўзбекистон терма жамоасига нега таклиф қилишганини тушунмайман. Унга бунчалик катта пул тўлашнинг нима кераги бор эди? Шу маблағ эвазига жамоани бизнинг футболимизни, футболчиларимизни ва менталитетимизни яхши биладиган ўз мутахассисимизга ишониб топшириш мумкин эди".

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Футбол эксперти: Ўзбек спорти касаллиги юқоридан бошланган

Finance Football порталига кўра, Каннаваро жаҳон чемпионатидаги энг юқори маош олувчи мураббийлардан биридир - Португалия терма жамоаси бош мураббийси Роберто Мартинес билан бирга бешинчи ўринни бўлишади — йилига тахминан 4 миллион евро.

Аввалроқ худди шу рақамни инсайдер Фабрицио Романо ҳам тилга олган эди. Айнан шу сумма танқидларнинг асосий нишонига айланди. Гарчи, порталнинг ўзи рейтингдаги маълумотларнинг бир қисми расмий тасдиқланмаганини қайд этади.

Ўзбекистон Футбол ассоциацияси эса ушбу суммани рад этмоқда.

Ассоциациянинг биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг айтишича, Каннаваронинг маоши 4 миллион евро ҳам, унинг ярми ҳам эмас. Бироқ томонлар ўртасидаги келишувга кўра, шартнома тафсилотлари ошкор қилинмайди.

Бу орада, жамоатчиликда мураббийнинг мусобақадан кейинги хатти-ҳаракатлари ҳам саволлар пайдо қилган. Ўзбекистонлик айрим журналистларнинг таъкидлашича, Каннаваро мағлубиятдан кейинги матбуот анжуманида мамлакат мухлисларидан узр сўрамаган.

"Агар одамлар жамоамиз Конго ва Колумбияни мағлуб этиши керак эди, деб ўйлаган бўлса, улар адашишган бўлиши мумкин. Жаҳон чемпионати даражаси ... Агар терма жамоани уч маротаба мундиални ютган мураббий бошқараётган бўлса ҳам қийин эди. Биз боримизни бердикми? Ҳа. Йигитларга қўлимдан келганча ёрдам бердимми? Ҳа. Йигитлар ҳозир кийиниш хонасида хафами? Бу - шунчаки даҳшат. Йигитлар Ўзбекистондаги ҳар бир инсондан кўпроқ қийналишди, менга ишонинг дўстим. Лекин шунга қарамай улар ўйинга борини беришди. Мен улар билан фахрланаман. Мундиалдаги иштирокимиз қийин кечишини билармидик? Билардик. Биз тажриба орттирдик".

Каннаваро ҳозиргача асосан битта фикрни такрорлаяпти: жаҳон чемпионати шафқатсиз мусобақа ва жамоа бу ҳақда олдиндан билган.

Айрим фаоллар, масъулият Фабио Каннаваронинг ўзидагина эмас, аввало уни турнир арафасида бош мураббий этиб тайинлаш қарорини қабул қилган футбол раҳбариятида, деб таъкидламоқда.

Бундай фикрдагиларга кўра, италиялик мутахассис мавжуд футболчилар таркибидан танлаб олувчи мураббий холос. Яъни, терма жамоа Бош мураббийининг таъсири кўпчилик тасаввур қилганидек катта эмас, гарчи ҳар бир мағлубиятдан сўнг асосий танқид нишонига айнан мураббий айланаётган бўлсада, демоқда айрим фаоллар.

Ўзбекистон термасининг майдондаги натижаси камтарона бўлса ҳам, жамоа мухлислари жаҳон чемпионатининг энг ёрқин рамзларидан бирига айланди.

Жамоани қўллаб-қувватлаш учун Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан мухлислар борди. Маълум маънода, Ўзбекистон нафақат ўзи, балки бутун Марказий Осиё номидан ҳам майдонга тушди.

Ҳюстон шаҳрида мухлислар автобуси ортидан кетаётган машинада бирданига тўртта байроқ — Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон байроқлари ҳилпираб турарди.

Ўзбекистон футболчилари эса ўйинлардан сўнг кийиниш хонасини йиғиштириб, миннатдорлик ёзувларини қолдириши билан ҳам эсда қоладиган бўлди. Шу боис улар ҳазил аралаш ҳурмат билан “фаррошларнинг севимли ўйинчилари” деб атала бошлади.

Балки турнирнинг энг муҳим сўзлари мураббий ёки амалдорлардан эмас, трибунадаги оддий мухлисдан янграгандир:

“Биз учун улар чемпион. Жамоа ютадими ёки ютқазадими — барибир биз биргамиз. Португалиядан 0:5? Фарқи йўқ, энг муҳими — биз шу ердамиз.”

Шунингдек, мухлислар Ўзбекистон футболи расмийларидан ҳозирданоқ баҳсларда кўтарилган энг муҳим саволга жавоб кутмоқда:

Кейинги чемпионат сари қайси мураббий билан йўлга чиқилади?

Мавзуга алоқадор

ЭКСКЛЮЗИВ: Мухлислар қутлаган "йирик мағлубият" - Мундиалдан репортаж