Каримов америкалик тадбиркорларни қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов АҚШнинг “Honeywell” ширкати раҳбари Дэвид Коут бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Интерфакс агентлигига кўра, президент матбуот хизмати “Ислом Каримов Ўзбекистонда “Honeywell” корпорацияси билан биргаликда амалга оширилаётган ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли юқори технологияларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар сармоялар соҳасидаги Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигига янги туртки беришига ишонч билдирди”, дея маълум қилган. Суҳбат давоммида Ўзбекистон иқтисодига хорижий саромяларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилингани айтилмоқда.

Қарийб 130 йиллик тарихга эга “Honeywell” корпорацияси, аэрокосмик, маъмурий, саноат ва турар жой биноаларини бошқариш соҳаларидаги технологияларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади ва дунёдаги етакчи ширкатлар юзталигига киради.

Каримовнинг “Honeywell” корпорацияси раисини қабул қилиши Ўзбекистонда қатор хорижий ширкат ва сармоядорлар қийинчиликларга дуч келган пайтга тўғри келмоқда.

Хусусан, шу ой бошида Британиянинг “Oxus Gold” ширкати ўзининг Ўзбекистондаги активларидан ажралиш таҳдиди туғилгани боис, Тошкент ҳукуматини халқаро арбитраж судига беришини эълон қилди.

Бундан ташқари, кейинги ойларда Туркияга қарашли “Turkuaz”, Швециянинг “Oriflame”, Американинг “Mary Kay”, Бирлашган Араб Амирликларига тегишли “Comfort Elite” каби ширкатлар ёпилиб, уларнинг ҳисоб рақамлари ҳибсга олинган.