Ўзбекистонда АҚШ раҳбариятини маъқулловчилар кўпайди

Ўзбекистон ва Тожикистон ўз аҳолисининг АҚШ ҳукуматига бўлган ижобий муносабати бобида Марказий Осиёда биринчи ўринга чиқди.

Gallup ва Meridian халқаро маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, ўзбекистонлик респондентларнинг 47 фоизи АҚШ раҳбариятини маъқуллаган, 18 фоизи ёқтирмаслигини айтган. 36 фоиз аҳоли эса бу саволга жавоб беришга қийналишини билдирган.

Тожикистонда ҳам 47 фоиз аҳолига Барак Обама етакчилигида АҚШ маъмурияти маъқул, 28 фоизига эса маъқул эмас.

Қирғизистон эса Марказий Осиё ичида аҳолиси АҚШ раҳбариятини энг кўп хуш кўрмайдиган давлат бўлиб чиқди. Қирғизистонликларнинг фақат 30 фоизи АҚШ маъмуриятини маъқуллаган, 26 фоизи эса ёқтирмаслигини сўзлаган.

2010 йилда АҚШ нинг глобал миқёсдаги етакчилигига оид ҳисоботнинг бу йилги сонида айтилишича, Жорж Буш АҚШ президентлигидан кетганидан сўнг Марказий Осиёда аҳолининг Америка ҳақидаги фикри ижобий томонга ўзгарган.

“Лекин айни пайтда аҳолининг асосий қисми АҚШ раҳбарияти ҳақида аниқ фикрга эга эмас ва бу АҚШ раҳбарияти бир неча йўналишларда нисбатан сезиларли равишда ўзини намоён қилиши мумкинлигидан дарак беради”, дейилади ҳисоботда.