Япониядаги ўзбек дипломатлари эвакуация қилишни сўраб Каримовга мурожаат қилди

Япония бўйлаб сув ва ҳаводаги радиация даражасининг ошгани аҳоли орасида хавотирга сабаб бўлмоқда.

Япониядаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси дипломат ва хизматчилари аёллари ёрдам сўраб Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилди.

Аёллар номидан Нигора Усмонованинг президент Ислом Каримовга мурожаати матни Centrasia.ru сайтида чоп этилди.

"Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич,

Биз Япониядаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси дипломат ва хизматчиларининг аёллари Токиодаги вазиятдан жуда ташвишдамиз.

Радиация даражаси бу ерда нормадан бир неча баробар кўп. Водопровод суви таркибида йод ва цезий изотопларининг радиоактив заррачалари топилди.

Озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам шундай.

Дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари йўқ.

Токиога чегарадош туманларда радиация миқдори нормадан 100 марта кўп. Шу кунгача 50дан ортиқ давлатнинг дипломатик ваколатхоналари эвакуация қилинди.

Элчи Ҳамидулла Караматов дипломатларга Токиодаги вазият ҳақида марказга батафсил маълумот беришга рухсат бермаяпти.

Ўзи эса меъёрдан ортиқ спиртли ичимлик ичиш оқибатида пайдо бўладиган шарманда касалликдан “даволаниш учун” Тошкентга 23 март куни жўнаб кетган.

Соғлиги кескин ёмонлашганидан сўнг элчихонанинг биринчи котиби Ғоипов таътил баҳонасида 30 март куни бу ердан жўнаб кетмоқда.

Дипломатик миссиядаги аксар ходимлар саломатлигининг ёмонлашаётгани кузатилмоқда.

Мамлакат келажаги ва болаларимиз ҳаққи-ҳурмати¸ тиббий текширувдан ўтказиш ва тегишли муассасаларда даволаниш учун элчихона дипломатлари ва ходимларини вақтинча чақиртириб олиш ҳақида кўрсатма беришингизни Сиздан ўтиниб сўраймиз.

Ҳурмат билан элчихона дипломат ва хизматчилари аёллари номидан¸

Нигора Усмонова" дейилади мазкур мурожаатда.

Ҳозирча Озодлик Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси вакиллари билан бевосита боғланишга муваффақ бўла олмади. Айни пайтда¸ Озодлик боғланган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими бу мурожаат билан боғлиқ вазият ҳозирда ўрганилаëтганини билдирди.