Челябинскда ўзбекистонлик собиқ амалдор ушланди

Россиянинг Челябинск вилояти прокуратураси Ўзбекистонда ўқитувчиларга маош сифатида тўланиши керак бўлган икки миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган ўзбекистонлик собиқ амалдор 24 март куни Сатка шаҳрида қўлга олинганини билдирди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, экстрадиция текшируви пайтида қўлга олинган 42 яшар эркак 2005 йил мартидан 2006 йил июнигача Жиззах вилоятининг Зафаробод туман халқ таълими маъмуриятида Бош бухгалтер бўлиб ишлагани маълум бўлган.

У 23 нафар ўқитувчига маош сифатида берилиши керак бўлган икки миллион сўмдан ортиқ пулни банкдаги ўз ҳисобига ўтказиб маблағни ўзлаштирган.

2006 йил декабрида у Россияга бориб турли ишлар билан шуғулланган.

2007 йилда Ўзбекистон прокуратураси собиқ бош бухгалтерга қидирув эълон қилган.