Ўзбекистон раҳбари Хитойга сафар қилади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов - Осиё тараққиёт банкининг Тошкентдаги йиғилиши, 3 май 2010 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтаонинг таклифига кўра 19-20 апрел кунлари Хитойга давлат ташрифи билан боради.

Ташриф давомида Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, икки томонни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар муҳокама этилади.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, музокаралар охирида турли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги Хитой элчиси Чжан Сяо сўзларига кўра, Ислом Каримовнинг Хитой раҳбари Ху Цзинтао, Умумхитой халқ вакиллари кенгашининг доимий қўмитаси раиси У Банго, Хитой давлат кенгаши раиси Вэн Цзябао ва ҳукуматнинг бошқа расмийлари билан учрашади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Хитой шу пайтга қадар икки давлат муносабатларнинг турли соҳаларини ўз ичига олган 170дан зиёд халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган.