Тошкентда атвомобил қўйиш шаҳобчалари ёпилмоқда

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, мамлакатда ноқонуний қурилган автомобиллар тўхташ жойларига қарши кураш бошланди.

Подробно.уз сайтига кўра, энг катта муаммо Тошкент шаҳрида бўлиб, ҳокимликлар томонидан назоратнинг сусайтирилгани, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги идораларининг ёмон ишлаётгани сабабли тўхташ мумкин бўлмаган жойларда ҳам автомобил қўйиш шаҳобчалари фаолият кўрсатаётганидадир.

Тошкентлик ҳайдовчи Шуҳрат Жўраевга кўра, кейинги кунларда Тошкент шаҳрининг бир қанча ҳудудларида ишлаётган автомобил қўйиш шаҳобчалари ёпиб қўйилди.

- Шаҳардаги кўпчилик автостоянкаларни қисқартиришди. Баъзиларини кераксиз жойларини бузиб ташлашди. Шаҳарнинг бир қанча жойларида, масалан, Навоий кўчасидаги авостоянкаларнинг ҳаммасини ёпиб қўйишди, - дейди Жўраев.

Тошкент шаҳридаги савдо мажмуалари, бозорлар, маъмурий бинолар ва жамоат трнаспорти бекатларида ноқонуний қурилган автомобил тўхташ жойларининг барчаси ёпилиши айтилмоқда.

Newsuz.com сайти маълумотига кўра, Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг лавозимидан олиниши сабабларидан бири пойтахтда савдо ва хизмат кўрсатиш биноларининг зич қурилгани, транспорт коммуникацияси ривожига эътибор қаратмагани бўлган.