Ўзбекистонда янги мотор заводи ишга тушади

Ўзбекистонда автомобиллар учун мотор ишлаб чиқарадиган “GM Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонаси 2011 йил ноябр ойида ишга тушади.

Бу ҳақда 22-23 апрел кунлари Тошкентда ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов маълум қилди.

АҚШнинг “General Motors” ва “Ўзавтосаноат” ширкати GM ширкатининг кичик ва тежамкор моторларини ишлаб чиқарадиган қўшма корхона тузиш ҳақида 2008 йил охирида шартнома имзолаган.

UzDaily.uz нашри хабарига кўра, янги корхона акцияларининг 52 фоизига “General Motors” эгалик қилади.

“GM Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонаси, GM ширкати Жанубий Корея ва Хитойда ишлаб чиқараётгани каби, Тинч океани минтақаси учун 1,2 ва 1,5 литр ҳажмдаги моторлар ишлаб чиқаради.

Янги завод Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган.

У йилига 225 мингта автомобил мотори ишлаб чиқариш қувватига эга.