Покистон Ўзбекистондан суюлтирилган газ сотиб олмоқчи

Бухородаги Хаузак газ хавзаси.

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний яқинда Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашуви чоғида Ўзбекистондан суюлтирилган газ сотиб олиш истагини билдирганини Покистондаги “The News” хабар қилди.

Хабарга кўра, қиш ва ёз фаслларида Покистонда олти минг мегавтт соат электр энергияси ва катта миқдорда газ етишмайди.

Газ нархи борасида музокаралар олиб бориш учун Покистон делегациясининг яқин фурсатда Ўзбекистонга сафар қилиши айтилмоқда.

Ҳозир Ўзбекистонда йилига 60 миллиард куб метр газ қазиб чиқарилади.

Ўзбек газининг асосий харидори Россия. Айни пайтда Ўзбекистон ўз газини Тожикистон ва Қирғизистонга ҳам экспорт қилади.

“The News” нашри маълумотига кўра, ҳозир Ўзбекистон газ экспорти борасида Хитой билан ҳам сўзлашувлар олиб бормоқда.