Ортиқча ҳужжат талаб қилган ўнга яқин ОТМ масъули интизомий жазога тортилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда абитуриентлардан асоссиз равишда ортиқча ҳужжат талаб қилган 10 нафарга яқин ОТМ раҳбар ходими жазоланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, адлия органлари Самарқанд вилоятидаги ОТМларда фуқаролардан талаб қилиш тақиқланган ҳужжатлар олинганлиги, белгиланган талабларга зид равишда расмий ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинганлиги ва бошқа бюрократик ғовлар мавжудлигини аниқлаган.

Мисол учун, Самарқанд давлат чет тиллар университети абитуриентлардан фуқаролик паспортидан нусха, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома, жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия тизимига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома каби ҳужжатларни тақдим этишни асоссиз равишда талаб қилган”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Шунга асосан Адлия вазирлиги олий таълим муассасалари томонидан ортиқча бюрократик ғов ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли тақдимнома киритган.

Бунинг ортидан 10 нафарга яқин олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимларига турли интизомий жазо чоралари кўрилган.

Вазирлик ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан адлия органлари тизимли ишларни амалга оширишда давом этишини билдирган.