Адлия вазирлиги вакили вақтинча тақиқланган импорт маҳсулотлари юзасидан изоҳ берди

Тошкентдаги Адлия вазирлиги биноси

Ўзбекистон Адлия вазирлиги масъул ходими Дилмурод Ражаббоев 520 дан зиёд импорт товарнинг давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқлангани юзасидан тушунтириш берди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 29 январида Ҳукумат қарори билан Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхати тасдиқланганди.

Вазирлик масъули ўз изоҳида ҳукуматнинг бу қарорига сабаб бўлган қатор омилларни келтирган.

Д. Ражаббоевга кўра, қарордан кўзланган асосий мақсад, биринчидан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашдир.

“Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг харид қуввати пастлиги ҳамда объектив сабабларга кўра экспорт имкониятларининг сезиларли даражада қисқарганлиги оқибатида бир қатор маҳаллий тадбиркорлар фаолиятида узилишлар рўй берган. Уларнинг фаолият юритишини жонлантириш учун давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжарида маҳаллий тадбиркорлар маҳсулотларидан фойдаланилади”, деган Адлия вазирлиги вакили.

Д. Ражаббоев ички бозорни, маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиш тенденцияси бошқа давлатларда ҳам амалга оширилганини иккинчи сабаб ўлароқ келтирган ва бунга Россия ҳукумати ўтган йил апрелида 170 дан ортиқ товар ва хизмат импортини тақиқлаганини мисол ўлароқ келтирган.

Мулозимга кўра, учинчидан, 2019 йилда Ўзбекистонда 55 мингта корхоналар ташкил этилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2020 йилда 96 минг 743 тани ташкил қилган.

“Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, янги ишлаб чиқариш қувватлари икки ҳиссага ошмоқда, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўпайиши аҳоли бандлигини таъминлаш, солиқ тушумларининг қўпайишига замин яратади. Бунинг учун, маҳаллий тадбиркорлар бугунги кунда ҳар доимгиданда қўллаб қувватлашга муҳтож”, деган вазирлик масъули.

Вазирлик тақиқ ва чеклов фақат давлат харидлари доирасида мавжудлиги, хусусий тадбиркорлар ёки фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун исталган товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилган.