“Адолат” партияси бўлажак президент сайловига ўз раиси Б. Абдуҳалимов номзодини кўрсатмоқчи

Баҳром Абдуҳалимов (adolat.uz фотоси)

“Адолат” социал-демократик партиясининг галдаги қурултойида партия раиси Баҳром Абдуҳалимов шу йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган президент сайловига номзод ўлароқ кўрсатилиши мумкин. Бунга оид қарор партия марказий кенгашининг 5 август куни ўтказилган навбатдан ташқари плениумида қабул қилинган.

Тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов партиянинг аввалги раиси Наримон Умаров мамлакат президенти фармони билан Олий Мажлис Сенатига аъзо этиб тайинланганидан кейин ўтган йил октябрь ойида “Адолат” СДПга раис этиб сайланганди.

62 ёшли Б. Абдуҳалимов аввал Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси ва Фанлар академияси вице-президенти лавозимларида ишлагани маълум.

Аввалроқ Озодлик Экопартия бўлажак президент сайловига Нарзулла Обломуродов номзодини илгари сургани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистонда галдаги президент сайлови 2021 йилнинг 24 октябрига белгиланган. Маҳаллий қонунчиликка кўра, президентликка номзодларни сиёсий партиялар кўрсатиши лозим.