Ўзбекистонда “Ал-Бухорий” халқаро сунъий йўлдош телеканали очилиши мумкин

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очиш ва унда мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш қилиб, тарғибот кампаниясини кучайтиришни таклиф қилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, бу таклиф мулозим томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш ва бу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланиб 23 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган йиғилишда айтилган.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, президент маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, зиёрат туризми соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, академия олимлари ҳамда қўмита вакиллари иштирок этганлар.

Йиғилишдаги чиқиши чоғида Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон “Halal Travel Frontier 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилганини урғулаган.

“2018-2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими - 170 фоизга, Малайзиядан - 158 фоизга, Туркиядан - 154 фоизга, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошди”, деган бош вазир ўринбосари “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олганига эътибор қаратган.

Тадбир доирасида Академия томонидан соҳада мавжуд имкониятлардан зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш, Академия бинолари, конференция заллари ва талабалар турар жойларидан хорижий талаба ва тадқиқотчилар учун “Академик туризм” ва МДҲ давлатлари имомлари учун “Imams’ tour” маърифий турларни ташкил этишда самарали фойдаланиш, туризм йўналишида ташриф буюрган хорижий тадқиқотчилар учун Академиянинг ресурс маркази ва кутубхонасидан фойдаланиш имконини яратиш, Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайхонтоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларида сайёҳларни кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш каби таклифлар билдирилган.

Тадбир якунида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида англашув меморандумлари имзоланган.