Al Ўзбекистонда фуқаровий эркинликлар ҳамон қаттиқ назорат остида қолаётганига эътибор қаратди

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти жорий ҳафта бошида Парижда жаҳондаги инсон ҳуқуқлари бўйича 2022 йил учун ҳисоботини эълон қилди.

“Замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари” деб номланган мазкур ҳисоботнинг тўлиқ матни эса 28 март куни ёйинланди.

Ҳисоботда аввалига “Covid-19, кейин эса Украинадаги уруш инсон ҳуқуқлари соҳасида қўш стандартлар мустаҳкамланишига олиб келган”и урғуланган.

Унда қўш стандартларга мисол ўлароқ Саудия Арабистони, Миср, Исроил ва Фаластин, Афғонистон ва Суриядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятлар келтирилган. Ҳисоботда АҚШ томонидан 2021-2022 йилларда 25 мингдан зиёд гаитилик ватанига депортация қилинганига эътибор қаратилган. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси Хитойнинг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчилик вакилларига нисбатан инсонийликка қарши жиноят аломатларига эга сиёсатини қораламагани урғуланган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида ўтган йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда тинч намойишларни бостириш учун хавфсизлик кучлари ноқонуний куч ишлатгани, намойиш ташкилотчилари деб ҳисобланган шахслар судлангани ва ҳибсга олинганларга қарши қийноқ қўлланилганига тўхталинган.

Бундан ташқари, мамлакатда қонунчилик ислоҳотлари фуқаролик жамиятининг давлат сиёсатини муҳокама қилишда иштирок этишига кенг имконият яратган бўлишига қарамай, сўз эркинлиги, уюшмалар ва тинч йиғинлар эркинлиги қаттиқ назорат остида қолаётгани, дискриминацион гендер стереотиплари аёллар, қизлар ва ЛГБТИ вакилларига қарши зўравонликнинг олдини олиш ва улар учун адолатни таъминлашга тўсқинлик қилгани таъкидланган.

Al вакиллари қайдича, мамлакатда танқидий фикрларга тоқатсизлик, блогерларни айблаш, уларга жарима солиш ва ҳибсга олиш, оммавий ахборот воситаларида цензура давом этмоқда. Ҳисоботда, хусусан, блогер Севинч Садуллаева билан боғлиқ воқеага тўхталинган.

“11 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди блогер Севинч Садуллаевани беш кунлик маъмурий ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бунга сабаб, у ижтимоий ва маданий аёлларга хос бўлган ахлоқ ва кийиниш меъёрларини писанд қилмаслигини намойиш этувчи видео ва расмларни ўз ижтимоий медиа саҳифасига жойлаштирганидир. У барча материалларни ўчириб ташлашга ваъда берганидан сўнг, муддатидан бир кун аввал озод қилинди”, дейилган Al ҳисоботида.

Шунингдек, унда Ўзбекистонда иқлим инқирозини бартараф эта олмаслик муаммосига ҳам ўрин ажратилган.