Андижонда Польша университетининг филиали очилди

Андижон шаҳридаги истироҳат боғининг кириш қисми

Ўзбекистон ҳукуматининг жорий йил 14 апрелидаги қарори билан “Collegium Humanum” Варшава менежмент университети Андижон филиали ташкил этилди.

Адлия вазирлиги Телеграм-канали қайдича, нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланган филиалда ўқитиш Варшава менежмент университети томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ кундузги таълим шаклида, инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Филиалда дастлабки босқичда “Молия ва бухгалтерия ҳисоби”, “Транспорт ва логистикада менежмент”, “Халқаро бизнес ва маркетинг”, “Туризм, меҳмонхона иши ва умумий овқатланишда менежмент ва маркетинг”, “Кичик ва ўрта бизнесни бошқариш” ҳамда “Ахборот-коммуникация технологиялари” мутахассисликлари бўйича (бакалавриат) талабалар қабул қилинади.

Филиалда ўқиш 2021/2022 ўқув йилидан бошланади. Битирувчиларга Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

Филиалда таълим бериш учун 70 фоизгача малакали профессор-ўқитувчи Польша Республикаси ва Европанинг бошқа давлатларидан жалб қилиниши айтилмоқда.