Андижонда қўлбола кўпригидан одамларни пул эвазига ўтказган шахс судланди

Аравонсой устидаги қўлбола кўприк (видеоскриншот)

Андижон вилоятида сой устига ёғочдан кўприк ўрнатиб, одамлардан пул ишлаётган шахс устидан маҳкама ўтказилди.

Булоқбоши туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 10 октябрь куни муқаддам судланган 35 ёшли Х.И. ўзбошимчалик билан сой устига иккита ёғочдан иборат кўприк ясаб, одамларни 1000 сўм эвазига ўтказиб қўйишни йўлга қўйган.

Шахс ясаган қўлбола кўприк устидан одамлар ўтаётганига оид видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Туман ҳокимлиги хабарномасида Х.И.нинг ушбу ноқонуний хатти-ҳаракати Булоқбоши тумани судида кўриб чиқилгани, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 200-моддалари билан айбдор деб топилган бу шахсга нисбатан 7 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани қайд этилган.

Булоқбошилик расмийлар жорий йилнинг июль ойида содир бўлган табиий офат туфайли Аравонсой кўприги авария ҳолатига келгани ва кўприкдан ўтиш тўхтатилганини эътироф этишиб, ҳозирда кўприк таъмирланаётганини қўшимча қилишган.