Ўзгидромет: Аномал илиқ кескин совуқ билан алмашади

2020 йилнинг апрелида Самарқандда қор ёғиб, гуллаган дарахтлар музлаб қолган эди.

Якшанба, 6 февраль куни Ўзбекистондаги аномал илиқ ҳаво кесин тарзда совуққа алмашади, деб хабар берди Ўзгидромет.

Расман билдирилишича, якшанба куни совуқ ҳаво кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади, об-ҳаво кескин ёмонлашади. Республиканинг барча ҳудудларига ёмғир ва қор ёғади, ҳарорат кундуз куни 4 - 9 даража илиққача, шимолда 0-5 даража илиққача пасаяди.

4 февралда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Навоий, Тошкент вилоятларида 18−23 м/с гача, 5−6 февралда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 18−23 м/с гача, Навоий, Тошкент, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида эса 25−28 м/с гача шамол ва чанг бўрони бўлиши кутилмоқда.

Ўзгидромет 4 февраль куни ҳарорат фони кўп йиллик қийматлардан 5−7 даражагача юқори бўлишини, кундуз куни ҳаво +12…+14 даражагача, баъзи жойларда +16…+18 даражагача исишини билдирди.

5 февраль куни эса кундузги ҳарорат +14…+17 даражага, баъзи жойларда +20…+22 даражага кўтарилади, кечаси бироз совуқ сақланиб туради.