Ўзбекистонда “Антиструмин” препарати болаларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлгани ортидан уч нафар шифокор аёл қўлга олинди.
Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 7 ва 16 ноябрь кунларидаги ажримлари билан гумон қилинувчилар Н. А., Ф. Х., ва Х. Г., га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур эҳтиёт чорасини қўллашни бош прокурор ўринбосари илтимос қилган.
Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Ўзбекистон врачлар ассоциацияси бунга норозилик билдириб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди. Мурожаатда қамоққа олинган врач аёлларга енгилроқ эҳтиёт чораси қўллаш илтимос қилинган.
Врачлар ассоциациясига кўра, қўлга олинган шифокорларнинг барчаси фан доктори илмий унвонига эга бўлган олималардир. Мурожаатда мустақил юристлар бу уч аёлнинг 167-моддаси билан айбланиши тўғрилигига шубҳа билдиргани таъкидланади.
Мазкур хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг Бош прокуратура ҳам бу масалада расмий баёнот тарқатди. Бош прокуратура “тарқатилаётган ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилаётгани”ни таъкидлаган ҳолда, “тергов тугагунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликка” чақирган.
20 сентябрда Ўзбекистонда болаларга таркибида йод моддаси бўлган “Антиструмин” препарати берила бошланган эди. 21 сентябрда Наманган вилоятининг Чуст туманида “Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги орадан икки ой ўтгачгина болалар йод препаратидан заҳарланганини расман тан олди.
“Антиструмин” жанжали ортидан уч аёл врач қамоққа олинди. Врачлар ассоциацияси норозилик билдирди
“Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланган.