USCIRF: Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда

Тошкент яқинидаги масжид. 4 август, 2018. Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси вакиллари 2-9 апрель кунлари Ўзбекистонга сафар қилди. Комиссия вакиллари мамлакатда давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ва фаоллар билан учрашди.

Комиссия вакилларининг Ўзбекистонга ташрифидан сўнг унинг мамлакатда диний эркинликлар бўйича ҳисоботи эълон қилинди. Тадқиқот хулосалари “Ўзбекистоннинг диний ва сиёсий маҳкумлари: репрессия асорати муҳокамаси” деб аталади.

Ҳисоботда комиссия эксперти, Калифорния университети профессори Стив Свердлов ҳамда комиссия вакилларининг кузатувлари тилга олинади.

Мавзуга алоқадор Имом VS Адлия вазири. Ўзбекистонда диний сиёсатни ким нотўғри талқин қиляпти?

Ҳисобот “Ўзбекистонда виждон, эътиқод эркинлиги ва қамоқхона тизимига боғлиқ бундай фундаментал масалалар узоқ вақтдан бери Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари, АҚШ ҳукумати, Европа Иттифоқи ва БМТ органлари учун ташвиш уйғотадиган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолар рўйхатинининг тепасида келмоқда” деб бошланади.

Тадқиқот муаллифларига кўра, Ислом Каримовнинг 27 йиллик қаттиққўл бошқаруви даврида диний эркинликлар масаласини батафсил ўрганиш деярли мумкин эмас эди.

Кенг кўламли тадқиқот

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) ҳомийлигида ўтказилган мазкур тадқиқотларни профессор Стив Свердлов олиб борган. 113 тадан ортиқ батафсил суҳбатлар ва кенг кўламли тадқиқотлар асосида ўтказилган бир йиллик ўрганиш натижаси 76 бетдан иборат хулосада жам бўлган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати 2000 дан ортиқ оддий диндорларни ҳануз қамоқда сақлаётгани маълум бўлди.

Муаллифларга кўра, Ўзбекистон диний маҳбуслари “конституциявий тузумни ағдаришга уриниш”, “тақиқланган адабиётларни сақлаш ёки тарқатиш, ёки тақиқланган гуруҳларга аъзолик”да айбланиб қамоқққа олинган.

“Жиноят қонунчилигидаги моддалар шунчалик ноаниқ ва кенгки, улар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва дин эркинлиги соҳасидаги шартли халқаро мажбуриятларини бузмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг диний маҳбуслари, жумлaдан, ушбу ҳисоботда батафсил баён этилган 81 нафар ташвиш уйғотаётган алоҳида диний маҳбусларнинг тутиб турилишига оид ишончли далиллар йўқ”, дейилади ҳисоботда.

Мирзиёев диний эркинликни яхшилади, аммо...

Ҳисоботга кўра, президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан буён бир қатор ислоҳотларни, жумладан, диний ва сиёсий маҳбусларнинг айрим тоифаларини озод қилишни ва 20 000 дан ортиқ мустақил мусулмонларни ва уларнинг қариндошларини гумон қилинаётган эҳтимолли диний “экстремистлар”нинг шармандали “қора рўйхатлари”дан чиқаришни бошлаган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Стив Свердлов: Мирзиëев ислоҳотлари давомли бўлиши керак

Бугунги кунда Мирзиёев ҳукумати 65 нафардан зиёд юқори мартабали сиёсий маҳбусларни ва диний маҳбусларнинг катта аниқланмаган гуруҳини озод қилган. Бироқ диний маҳбусларга нисбатан БМТнинг чақириқларини эътиборсиз қолдириб, озод қилинган ва қамоқда қолаётган диний маҳбусларга хос статистикани эълон қилмай келмоқда.

АҚШ комиссиясининг иддаосича, мазкур ҳисоботнинг мақсади диний маҳбусларнинг тахмин қилинаётган сони ва сақлашнинг ҳозирги шароитлари ҳақида ишончли маълумот олишдир.

Диний эркинликлар борасида сўровлар

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича комиссияси ва комиссия эксперти Свердлов 2020 йил сентябрида Ўзбекистоннинг бир қанча давлат идораларига Тошкентда расмий учрашувлар ўтказиш учун сўровнома ва мурожаатлар юборган.

Айни пайтда Комиссия вакиллари АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари билан биргаликда қамоқхона ислоҳотларини амалга ошириш ва рухсат этилган диний фаолият чегарасини ўрганиш мақсадида ҳукумат амалдорлари билан музокаралар ўтказган.

Шунга қарамай, ўрганишлар натижасига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб йиллар давомида оддий диндорларни, шунингдек, сиёсий мухолифларни жазолаш учун фойдаланган. Мамлакат жиноий ва маъмурий қонунчилиги, Ўзбекистон Конституцияси ва “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Пакт ҳамда бошқа бир қатор мажбурий халқаро ҳужжатлар билан кафолатланган виждон ва дин эркинлиги ва сўз эркинлигини чеклашда давом этмоқда.

"Ҳақоратли чекловлар"

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистоннинг ёпиқ қамоқхоналарида ҳозирги кунла 1176 та ва манзил колонияларидаги 1000 нафар диний ва сиёсий маҳбуслар жазо муддатларини ўтамоқда. Уларнинг умумий сони 2176 нафарни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Департаменти маълумотларига кўра, мамлакатдаги 43 та қамоқхонада 22 867 нафар маҳбус мавжуд эди.

Ҳисобот муаллифларининг қамоқхоналарга мунтазам равишда ташриф буюрувчи қариндошлар билан ўтказган суҳбатлари, адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан мулоқотларига кўра, диний ва сиёсий маҳкумлар сони энг камида 2176 та экани ойдинлашади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мустақиллик ва Ислом: "Мирзиёев даврида бутун оилам билан қамашди"

“Ўзбекистоннинг ҳукумат ўн йиллар давомида оддий диндорларни, шунингдек, сиёсий мухолифларини жазолаш учун қўллаб келган жиноят ва маъмурий қонунлари ва бошқа халқаро ҳужжатларда кафолатланган дин ва виждон эркинлиги, сўз эркинлиги, шу жумладан, бошқалар билан учрашиб, диний маросимларни биргаликда адо этиш, ўз эътиқодлари бўйича таълим олиш ва таълим бериш, шунингдек, диний адабиётларга эга бўлиш каби эркинликларга ҳақоратли чекловларни ўрнатади” дейилади.

Муаллифларга кўра, Жиноят кодексининг экстремизм ва терроризмнинг аниқ белгиланмаган тушунчаларидан иборат қоидалари ҳукумат учун диндор ва бошқа шахсларни таъқиб қилишнинг оддий усули сифатида ҳукуматга хизмат қилди.

Жумладан, кўплаб қоидалар ҳукуматга 2021 йилнинг мартида комиссия ва БМТ томонидан таклиф қилинган “диний экстремизм” ва “конституцияга хилоф фаолият” га оид тузатишларнинг инобатга олинмагани инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқни бузади.

Диний маҳбуслар реабилитация қилинмади

Комиссия вакилларининг иддаосича, диний ва сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ҳукуматнинг диний ва сиёсий ислоҳотларга жиддий қарашига умид бахш этган. Сўнгги 4,5 йил ичида озод қилинган маҳбуслар сони Каримов даврида ҳар йили ўртача ҳисобда озод қилинган бир ёки икки маҳбусдан кескин фарқ қилади.

Бу эса Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистондаги барча диний ва сиёсий маҳбусларни озод этиши мумкин, деган умид уйғотади. Бироқ ҳукумат собиқ диний ва сиёсий маҳбусларга қонуний ҳимоя қилиш имкониятини, хусусан, адолатсиз ҳукмларни бекор қилиш ва реабилитация асослари учун имкон яратмаган.

Комиссия вакилларига кўра, 81 нафар асоссиз қамоққа олинган диндорлар ҳамон қамоқ жазоларини ўтамоқда. Уларнинг иши адолатли маҳкамада кўрилиши лозим. Ҳисоботда 81 нафар маҳкумга оид ишлар тафсилоти келтирилади.

Ҳисобот хотимасида мамлакатда юзага келган нисбий диний эркинликлар доираси қайтадан торая бошлагани айтилган. Мазкур ҳисобот юзасидан Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.