АҚШ элчиси ўзбекистонликларга Янги йил табригини яна давлат тилида йўллади (ВИДЕО)

АҚШ элчиси Д. Розенблюм ўз мамлакати 2020 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига дастакни сезиларли даражада оширганини қайд этган

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм ўзбекистонликларни кириб келаётган 2021 йил билан ўзбек тилида қутлади.

Табрик аввалида жаноб элчи жорий йилнинг барча учун нақадар оғир йил бўлганига тўхталган.

Аммо умумий қийинчилик дўстларни янада яқинлаштириш ҳам мумкин экан ва биз буни шу йил АҚШ ва Ўзбекистон мисолида кўрдик. АҚШ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада оширди. Натижада мамлакатингизнинг жасур шифокор ва ҳамширалари одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган воситаларга эга бўлишди”, деган элчи Розенблюм.

Дипломат ўз мамлакати, пандемияга қарамай, Ўзбекистонни замонавий, адолатли ва фаровон жамиятга айлантириш мақсадида мамлакат ҳукумати ва халқи олиб бораётган улкан саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этганини қўшимча қилган.

Табрик якунида АҚШ элчиси “2021 йилда сиз билан янада яқиндан ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутамиз” дер экан, ўзбекистонликларни кириб келаётган Янги йил муносабати билан муборакбод этган.

Элчи Д. Розенблюм ўзбек халқига илк бор ўзбекча табрик йўллаётгани йўқ. У элчиликка тайинланган 2019 йил баҳорида ҳам, 2020 йил февралида ҳам (Навоийнинг таваллуд куни муносабати билан), шу йил августида ҳам (мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги билан) ўзбекистонликларга давлат тилида мурожаат қилганди.