АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши вакциналар йўллаши мумкин

Оқ уйнинг 80 миллион доза AstraZeneca, Pfizer, Moderna ва Johnson & Johnson препаратларини бошқа мамлакатларга йўллаш режаси доирасида Ўзбекистонга ҳам COVID-19 га қарши вакциналар тақдим этилиши мумкин. Бу масала, “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан АҚШ вице-президентининг махсус маслаҳатчиси Лиза Сойер ўртасида бўлиб ўтган учрашувда кўриб чиқилган.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан АҚШ Конгрессининг юқори палатаси йиғилишларида раислик қилувчи вице-президент Камала Ҳаррис ўртасида учрашув ўтказиш истиқболи каби масалалар кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, АҚШ томони аёлларнинг жамиятдаги роли ва аҳамиятини мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган чораларни олқишлаган. Оқ уй вакиласи аёллар салоҳиятининг тўлақонли юзага чиқишини таъминлаш, уларнинг сифатли билим олиши, корчалонлик фаолиятида зарур стимулга эга бўлиши, ҳар қандай шаклдаги дискриминация ва зўравонликка йўл қўйилмаслигига оид Ўзбекистоннинг устувор мақсадларини ҳам маъқуллаган.

Бу масалалар доирасида Ўзбекистон, АҚШ ва Афғонистон аёллар бизнес-форумини ташкил этиш истиқболлари ҳам муҳокама этилган. Мазкур форум уч мамлакат аёлларининг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва тадбиркорлигини дастаклашга қаратилиши айтилган.