Асакада кўп йиллик дарахтлар кесилишига оид иш судга оширилди

Иллюстратив сурат

Андижон вилоятининг Асака туманида ўнга яқин кўп йиллик дарахт кесиб юборилганига оид иш судга оширилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозимнинг билдиришича, мазкур ҳолат бўйича “Асака в.л.” хусусий корхона раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми бўйича тўпланган маъмурий жавобгарликка оид иш ҳужжатлари судга 9 февраль куни юборилди.

Дарахтлар кесилиши туфайли табиатга 18 миллион 360 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.

Асакада каштан, арча ва элдор қарағайлари дохил ўнга яқин дарахт кесилгани юзасидан Андижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан текширув бошлангани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган эди.