“Avto 60 oy”га алданганларга маблағларини қайтариш бошланди

Суд 29 март куни “Avto 60 oy” МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодировни 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

“Avto 60 oy”га алданганларга маблағларини қайтариш учун ҳар бир вилоятда ишчи гуруҳи ташкил этилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси маълум қилди.

“Avto 60 oy”дан жабрланганларга маблағларини қайтариш билан Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларидан иборат таркибда ташкил этилган гуруҳлар шуғулланади.

“Ҳозирда ишчи гуруҳларга 2144 нафар фуқаро мурожаат қилиб, ўзларига тегишли ҳисоб рақамлар хақидаги маълумотларни тақдим қилишган”,-дейилади хабарда.

Мажбурий ижро бюроси “Avto 60 oy”дан пулларини қайтариб ололмаган фуқароларни шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти) ҳамда пластик карточкалари билан Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармаларига душанба-жума кунлари соат 09-00 дан 18-00 га қадар мурожаат қилишга чақирди.

Вилоятларда ташкил қилинган ишчи гуруҳларининг рўйхати, манзили ва телефон рақамлари билан мана бу ерда танишиш мумкин.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 29 март куни “Avto 60 oy” МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодировни 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. 25 ёшли Жамшид Баҳодиров билан биргаликда МЧЖга алоқадор яна 4 киши судланди.

19 мингга яқин мижоздан 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғиб¸ фақат 100 нафар мижозгагина машина бергани ортидан жиноят иши фигуранти бўлган “Avto 60 oy” МЧЖси раҳбари Жамшид Баҳодировга нисбатан суд жараёни вилоятларда ўтказилган эди. Ўшанда иш юзасидан гувоҳларнинг кўплиги сабабли мана шундай қарорга келингани хабар қилинган.