Аёллар байрами арафасида суд қарори билан 14 нафар маҳкума қамоқдан озод этилди

Ўзбекистон Олий судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилган.

ЎзА хабарига кўра, суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёлнинг тайинланган жазолари енгиллаштирилиб, жазодан озод қилинган. Улар оиласи бағрига қайтган.

Айни пайтда маҳкамада 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилган.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Аёллар байрами арафасида қамоқларда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.