Линклар

Шошилинч хабар
03 феврал 2023, Тошкент вақти: 14:28

Ўзбекистон хабарлари

Президент Хотин-қизлар куни муносабати билан 83 нафар маҳкумани авф этди

Фармонга асосан афв этилган аёлларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади.

8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни қамоқларда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга асосан афв этилган аёлларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 29 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 17 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

Шунингдек, 25 нафар аёлга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 7 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этади.

“Фармон ижроси юзасидан афв этилган аёлларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди”, дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Кун янгиликлари

Қозоғистонда автобуси бузилиб қолган 30 дан зиёд ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилди

Иллюстратив сурат

Қозоғистон ФВВ вакиллари Жамбил вилоятида автобуси бузилиб қолган 33 нафар ўзбекистонлик ва 18 нафар тожикистонликни қутқаришган.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, ичида 51 нафар йўловчи бўлган автобус 1 февраль тонгида Жуали туманига қарашли Нурликент қишлоғи яқинида (Олмаота-Тошкент автойўлининг 570-километри) бузилиб қолган. Воқеа жойига етиб борган қозоғистонлик қутқарувчилар уларни қишлоқ маданият уйига олиб кетиб, иссиқ овқат билан таъминлашган.

Аниқланишича, ўзбек-қозоқ чегарасидан (Черняевка маскани) йўлга чиққан автобус Қозоғистон пойтахти Остонага кетаётган бўлган. Орасида мактаб ёшига етмаган 5 бола бўлган йўловчилар чоршанба оқшомида Чимкентдан чақирилган бошқа автобус билан кетаётган манзилларига кузатиб қўйилган.

Демократия индекси: Ўзбекистон ҳамон “авторитар режим”ли давлатлар даврасида собит қолмоқда

“Democracy Index 2022” даги кўрсаткичлардан келиб чиқилса, Ўзбекистонда сайлов жараёни сифати ва плюрализм билан боғлиқ аҳвол ҳали ҳам ўта абгор аҳволда эканига гувоҳ бўлиш мумкин

Британиянинг The Economist нашри эълон қилган Democracy Index 2022 рейтингида Ўзбекистон 167 давлат ўртасида ичида 149-ўринни эгаллаган. Ўтган йилги рейтингда мамлакат 150-ўринга қўйилганди.

Ўзбекистон бу йилги рейтингда бир поғона юқорилаган бўлса-да, соҳалар бўйича мамлакатга берилган баллар 2020 ва 2021 йиллардаги даражада қолган. Бу йил ҳам нашр экспертлари мамлакатдаги “сайлов жараёни сифати ва плюрализм” даражасини 0,08 баллга, “ҳукумат фаолияти”ни 1,86 баллга, “сиёсий иштирок”ни 2,78 баллга, “сиёсий маданият”ни 5 баллга, “фуқаровий эркинликлар”ни эса 0,88 баллга баҳолаган.

Кўрсаткичларнинг ўзгаришсиз қолаётгани Ўзбекистоннинг демократлашув жараёнида бир жойда депсиниб турганини, рейтингдаги юқорилаш эса бошқа мамлакатлардаги аҳволнинг янада ёмонлашгани ҳисобига амалга ошаётганини кўрсатади.

Шу тариқа бу йил умумий 2,12 балл йиққан Ўзбекистон “авторитар режимлар” сирасида қолаверган.

“Демократия индекси”дан бу йил ҳам минтақа давлатларидан Қирғизистон (116-ўрин) ва Қозоғистон (127-ўрин) Ўзбекистондан бир қадар олдинда бўлса, Тожикистон (156-ўрин) ва Туркманистон (161-ўрин) орқададир. Бу каби тенденция аввалги йилларда ҳам кузатилган эди.

2006 йилдан бери эълон қилиб келинадиган Democracy Index’да бу йил 9,81 балл йиққан Норвегия биринчи ўринга, 0,32 балл олган Афғонистон эса охирги ўринга қўйилган.

Uzbekistan Airways Тошкент ва Намангандан Россиянинг тўртта шаҳрига парвозларни йўлга қўймоқда

Uzbekistan Airways март ойи охиридан бошлаб Тошкентдан Россиянинг Омск ва Нижний Новгород, Наманган шаҳридан эса Россиянинг Оренбург ва Нижневартовск шаҳарларига қатновларни йўлга қўяди.

Авиаширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, шу йил 26 мартидан эътиборан Uzbekistan Airways учоқлари Тошкент-Омск-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига бир марта - якшанба кунлари, 28 мартдан бошлаб эса Тошкент-Нижний Новгород-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта – сешанба ва шанба кунлари мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди.

Айни пайтда 27 мартдан эътиборан Наманган-Оренбург-Наманган йўналиши бўйича парвозлар тикланиши билдирилган. “Мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳафтада бир марта – душанба кунлари амалга оширилади”, дейилган хабарномада.

31 мартдан бошлаб эса Uzbekistan Airways ҳафтада бир марта – жума кунлари Наманган-Нижневартовск-Наманган йўналиши бўйича янги йўналишни йўлга қўяди.

Хабарномада мазкур авиақатновлар Uzbekistan Airways Express бренди остида амалга оширилиши, бу йўловчиларга ҳамёнбоп нархда авиачипталар тақдим этиш имконини яратиши иддао қилинган.

Авиаширкат Россия шаҳарларига янги йўналишлар очилаётгани сабабини изоҳлаган эмас. Аввалроқ Украина уруши манзарасида Марказий Осиё минтақасидан, хусусан Ўзбекистондан Россияга мигрантлар оқими камайгани ҳақида хабар қилинган эди.

АҚШнинг Россияга қарши санкциялари рўйхатига Ўзбекистон фуқароси ҳам киритилди

Вашингтондаги АҚШ Молия вазирлиги биноси

АҚШ Молия вазирлиги Россия ҳарбий-саноат комплексига чекловларни айланиб ўтишда ёрдам бергани учун санкция жорий этилганлар рўйхатини 10 нафар жисмоний шахс ва 12 та корхона ҳисобидан кенгайтирди. Улар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

“АҚШ санкцияларини айланиб ўтиш учун Россиянинг “марионетка”лардан фойдаланишга чиранаётгани санкциялар Россия ҳарбий-саноат комплексига Путиннинг ҳарбий машинаси захиралари тўлдиришда сезиларли даражада қийинчиликлар туғдирганини кўрсатади”, дея иқтибос келтирилган хабарномада АҚШ молия вазирининг ўринбосари Уолли Адейемо сўзларидан.

Вазирлик қайдича, “Зименков тармоғи” деб номланган гуруҳга Исроил ва Россия фуқароси бўлган Игорь Зименков раҳбарлик қилган. Унинг оила аъзоларидан айримлари санкция остида бўлган “Ростех” ва “Рособоронэкспорт” корпорацияларини дастаклашмоқда.

Мазкур тармоққа Кипрда рўйхатга олинган Mateas Limited ширкати директори, ўзбекистонлик Макс Борисович Пифлакс (Maks Piflaks) ва унинг ўғли Гилад Пифлакс ҳам кирган. Айни пайтда Гилад Пифлакснинг Исроил фуқароси экани қайд этилган. 60 ёшли Макс Пифлакс ва унинг ўғли санкция остидаги россияликларга ёрдам берган Исроилнинг DES Defense Engineering Solutions LTD ширкати билан ҳамкорлик қилгани айтилмоқда.

Санкция рўйхатига ота-ўғилдан ташқари Маркс Блатс (Латвия), Серена Би Лин (Сингапур), Игорь Пальниченко (Кипр), Александр Вольфович (Кипр, Исроил), Ариэль Вольфович (Кипр), Станислав Вольфович (Кипр, Исроил), Игорь Зименков (Исроил, Россия) ва Натан Зименков (Россия) киритилган.

Санкция жорий қилинган юридик шахслар рўйхатидан эса DES Defense Engineering Solutions LTD ширкатидан ташқари Сингапурнинг Asia Trading & Construction PTE LTD, Латвиянинг Elektrooptika SIA, Кипрнинг GBD LTD, GMI Global Manufacturing & Integration LTD, Kliosa LTD, Mateas LTD, Pitaron LTD, Terra-AZ LTD, VFC Solutions LTD, Болгариянинг U-Stone LTD EOOD ҳамда Исроилнинг Texel FCG Technology LTD каби ширкатлари жой олган.

Собиқ депутат Расул Кушербаев Табиат ресурслари вазирига маслаҳатчи этиб тайинланди

Расул Кушербаев

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев 1 февраль куни Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланган. Бу ҳақда 1 февраль куни маҳаллий матбуотда эълон қилинган хабарларни собиқ депутатнинг ўзи тасдиқлади.

"Бундан буён ҳам мамлакат ривожи, келажаги, тақдири йўлидаги масалаларда фаол иштирок этишдан тўхтамайман. Асосий ишлар ҳали олдинда", деб ёзди Кушербаев ўзининг Телеграм-каналида.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Кушербаевга янги лавозим Президент Администрацияси томонидан таклиф қилинган.

Яқинда ташкил этилган Табиат ресурслари вазирлигига аввал Туризм ва маданий мерос вазири лавозимида ишлаган Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тайинланган.

Қуйи палатадаги депутатлар орасида энг кўзга кўрингани бўлган Расул Кушербаев дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, ўринсиз “снос”лар, монополист ташкилотларнинг бошбошдоқлиги дохил қатор ижтимоий масалалар бўйича кўплаб чиқишлари билан танилган.

Кушербаев ўтган йилнинг 23 декабрида депутатликдан истеъфо бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. У Қонунчилик палатасининг давлат бюджети лойиҳаси муҳокамага қўйилган сессиясида ўзига сўз берилмаганига норозилик белгиси сифатида шундай қарорга келганини айтган эди.

Расул Кушербаевнинг депутатлик мандатини топшириши мустақил Ўзбекистон парламенти тарихида иккинчи шов-шувли истеъфо бўлган. Илк истеъфо 1992 йилнинг 2 июлида “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ томонидан берилган эди. Муҳаммад Солиҳ ўша пайтда ўз истеъфосини “мухолифатга қарши бошланган сиёсий репрессияларга норозилик” ифодаси дея изоҳлаганди.

ЎТЙ тадбиркорларни Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганидан огоҳлантирди

Ҳайратондаги "Дўстлик" кўприги (архив сурати)

Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада ўтган йилнинг 26-30 декабрь кунлари ўзбек расмийлари ва Толибон вакиллари ўртасида Термиз шаҳрида ўтказилган музокаралар давомида 2023 йилнинг 1 февралига қадар Афғонистон ҳудудидаги техник ишларни босқичма-босқич “Афғон темир йўллари” ишчилари томонидан амалга оширилиши бўйича “ҳаракатлар режаси” келишилгани, ўшанда So‘g‘diyona Trans ҳамда Афғон темир йўл бошқармаси ўртасида томонлар бажарадиган ишлар рўйхати икки томонлама келишилиб, жорий йилнинг 27 январига қадар янги шартнома имзоланишига келишилгани ҳамда тегишли баённома имзолангани эслатилган.

“Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётганлиги сабабли 1 февралдан бошлаб Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилиши маълум қилинган”, дейилган ЎТЙ хабарномасида.

Икки мамлакат ўртасида темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилгани маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида расмий Тошкент билан Толибон Афғонистон орасида пайдо бўлган совуқликка ишора ўлароқ талқин қилинмоқда.

Ўзбекистон расмийлари билан Толибон вакилларининг икки томонлама шартномалар бажарилиши бўйича ўзаро эътирозлари илк маротаба кузатилаётгани йўқ. Дейлик, бундан 10 кун муқаддам ҳам Толибон шакллантирган ҳукуматда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий Ўзбекистонни электр энергиясини етказиб беришдаги узилишлар бўйича эътироз билдирган ва икки томонлама имзоланган шартномага мувофиқ, Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришда давом этишга чақирган.

Орадан икки кун ўтиб, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 25 январдан эътиборан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш қайта тикланиши режаланаётгани ҳақида билдирган, Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилганини эса “форс-мажор ҳолати” билан изоҳлаган.

Тошкент туманларидан бирида 12 яшар қиз ўлдириб кетилди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 31 январь куни зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в, з” бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур бандлардан келиб чиқиладиган бўлса, қотил қурбоннинг номусига тажовуз қилган бўлиши мумкин.

БП жиноят иши бўйича 29 ёшли йигит гумонланувчи сифатида ушланганини, унинг марҳума хонадонида ўтган йил ёзида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширганини қайд этган.

Ҳолат юзасидан бошқа тафсилотларни келтирмаган прокуратура буни “иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш” билан изоҳлаган.

Мирзиёев Фарғона водийси вилоятлари бўйлаб сафарга чиқди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Андижон вилоятига жўнаб кетган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, сафар “ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида” амалга оширилмоқда.

“Ташриф давомида саноат корхоналари ва янги уй-жойларни кўздан кечириш, ёшларга касб ўргатиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари билан танишиш режалаштирилган”, дейилган хабарномада.

Президент Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи ортидан Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам бўлиши қўшимча қилинган.

Бу мамлакат президентининг Ўзбекистонда қаттиқ совуқ кузатилаётган 10 январдан бери вилоятларга қилаётган илк сафаридир. Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан мамлакатнинг турли жойларида, шу жумладан аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган Фарғона водийси вилоятларида энергетик коллапс ва гуманитар инқироз кузатилаётгани ҳақида Озодлик уч ҳафтадан буён ёзиб келмоқда.

АҚШ Нукус воқеалари бўйича хавфсизлик кучлари вакилларининг жавобгарлигига оид чақириғини такрорлади

Нукус воқеалари бўйича Бухоро вилояти судида олиб борилган маҳкамадан лавҳа (архив сурати)

Нукус воқеаларида айбланган шахсларга нисбатан суд ҳукми эълон қилиниши ортидан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий Тошкентни яна бир марта мамлакат қонунчилигини бузган куч ишлатар тузилмалар ходимларини жавобгарликка тортишга чақирди.

“Июл ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар билан боғлиқ ҳаракатларда айбланган 22 кишига оид суд ўз ниҳоясига етар экан, АҚШ элчихонаси ҳукуматни жамоатчилик шаффофлиги бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва Ўзбекистон қонунчилигини бузган ҳар қандай хавфсизлик кучлари ходимларини жавобгарликка тортишга чақиришда давом этади”, дейилган элчихонанинг 31 январь куни тарқатилган баёнотида.

Сешанба куни Бухоро вилояти судида Қорақалпоғистонда ўтган йилнинг 1-2 июль куни содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган. Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Мазкур суд бошланган ноябрь ойи охирида ҳам АҚШ элчихонаси баёнот билан чиққанди.

“Биз ҳукуматни ижтимоий шаффофлик бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва хавфсизлик кучлари ходимлари Ўзбекистон қонунчилигини бузган тақдирда уларни жавобгарликка тортишга ундаймиз”, дейилганди америкалик дипломатлар томонидан 2022 йил 28 ноябрида эълон қилинган баёнотда.

АҚШдан ташқари Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Нукусда яна газ портлади, жароҳатланганлар бор

Иллюстратив сурат

Нукус туманининг “Ақтерек” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 2 қаватли уйда 31 январь тонгида газ портлаган. Портлаш оқибатида 4 киши оғир тан жароҳати олган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса чоғида жабрланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалига етказилган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Портлаш ортидан воқеа жойига туман фавқулодда вазиятлар бўлими, ички ишлар бўлими, соғлиқни сақлаш бўлими, прокуратура ва “Ҳудудгазтаъминот” ходимлари етиб боришган, масъуллар ҳодиса сабаби ва кўрилган зарар миқдорини аниқлашяпти, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Нукус шаҳрининг 22-микрорайонидаги тўрт қаватли уйда 29 январь куни газ портлагани, ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Мазкур портлаш сабабли уйдаги бир нечта хонадоннинг том ва пол қисмлари ўпирилиб, 4-қаватдан 1-қаватгача тушиб кетгани айтилган. Расмийлар мазкур уйда яшаганлар эвакуация қилингани, улар вақтинча уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланганини билдирганлар.

Коррупция даражаси бўйича рейтингда Ўзбекистон 14 поғона юқорилади, аммо мамлакат ҳали ҳам авторитарлигича қолмоқда

Transparency International халқаро ташкилотининг жаҳон давлатларидаги коррупция даражаси бўйича галдаги ҳисоботида Ўзбекистон 180 давлат орасида 126-ўринни эгаллади. Ўтган йили Ўзбекистон мазкур рейтингнинг 140-поғонасида эди.

Рейтингда коррупция даражаси 0 баллдан 100 баллгача бўлган миқдорда ўлчанади. Балл қанча юқори бўлса, мамлакатда коррупция даражаси шунча озлигини англатади. Ўзбекистон бу йилги рейтингда 31 балл олган, бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан 5 баллга юқоридир.

Transparency International ҳисоботида сўнгги йилларда Ўзбекистон коррупциянинг олдини олишни ўзининг устувор мақсадларидан бирига айлантиргани, шу муносабат билан коррупцияга қарши муассаса тузилиб, шаффофликни ошириш учун давлат харидлари бўйича онлайн платформа ишга туширилгани урғуланган.

“Бу каби муҳим чора-тадбирларга қарамай, Ўзбекистон авторитар давлатлигича қолмоқда, у ерда фаоллар ва фуқаролик жамияти вакиллари таъқиб қилинмоқда, сўроққа тутилмоқда ва ишдан бўшатилмоқда. Мамлакатда фуқаролик жамияти учун майдон кенгаймагунича коррупция билан боғлиқ муаммоларни тўлалигича ҳал этиш имконсиз”, дейилган халқаро ташкилот ҳисоботида.

Мазкур рейтингда Марказий Осиё минтақалари орасида Қозоғистон 101-ўринни, Қирғизистон 140-ўринни, Тожикистон 150-ўринни, Туркманистон 167-ўринни эгаллаган.

Рейтингда 90 балл берилган Дания 1-ўринга, 87 балл берилган Финландия ва Янги Зеландия 2-ўринга қўйилган.

Жаҳоннинг энг коррупциялашган мамлакатлари қаторида эса 13 балл олган Жанубий Судан ва Сурия ҳамда 12 балл олган Сомали кабилар саналган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан сенаторлик ваколатлари олинди

Тошкент шаҳри собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон парламенти юқори палатаси - Сенат аъзоси сифатидаги ваколатлари Марказий сайлов комиссияси қарори билан муддатидан аввал тугатилган.

МСКнинг 30 январдаги қарорида қайд этилишича, Ортиқхўжаев сенаторлик ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ўзи ариза ёзиб берган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 27 январь куни муддатидан аввал Тошкент шаҳар кенгаши депутати ўлароқ ваколатларини топширгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. 2020 йил январида 48-округдан Тошкент шаҳар кенгашига депутат бўлиб, кейин эса беш йилга сенатор бўлиб сайланган Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколати 2025 йил январида тугаши керак эди.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, кенгаш депутати ва сенатор ўз ваколати тугагунича дахлсизлик мақомига эга бўлади. МСКнинг кечаги қарори ҳам маҳаллий кенгаш депутати сифатида, ҳам сенатор сифатида ваколатларини топширган Ортиқхўжаевнинг бундан буён дахлсиз эмаслигини англатади.

Тошкент шаҳрини 2018 йилдан бери бошқариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 январь президент Шавкат Мирзиёев ўтказган энергия таъминотига доир йиғилишда ҳокимлик лавозимидан бўшатилган эди. Бунга пойтахт ҳокимининг “вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани” сабаб қилиб кўрсатилган.

Чорвоқдаги газ портлашида тўрт киши жароҳатланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорвоқ қўрғонида 30 январь куни икки қаватли уйдаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида 4 киши турли даражада жароҳатланди ва касалхонага ётқизилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, газ портлаши натижасида юзага келган кинетик зарба оқибатида хонадоннинг девори ва шифтига шикаст етган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги хонадонларда газ портлаётгани тўғрисидаги хабарлар кўпаймоқда.

29 январда Нукуснинг 22-микрорайонида 4 қаватли уйда газ портлагани ва уйнинг томи қулагани ҳақида хабар қилган эди. Уй вайроналари остидан 5 кишининг жасади топилган.

26 январь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Ал Хоразмий” кўчасидаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида бир киши тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди.

25 январь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Солиқ инспекцияси ошхонасида газ чақнаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Икки киши эса тан жароҳатлари билан туман касалхонасига ётқизилди.

13 январь куни Наманган тумани “Наврўз” маҳалласида газ портлаб, 30 ёшли она ва 8 ёшли бола куйгани ва касалхонага ётқизилгани билдирилган.

Қорақалпоғистонда сичқондоридан заҳарланган болалардан бири нобуд бўлди

Нукус шаҳрида кемирувчиларга қарши доридан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган икки боладан бири 27 январь куни вафот этган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати 30 январь куни маълумот тарқатди.

Санэпидхизмат қайдича, Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Б.Б. уйида 1-1,5 йилдан буён сақланиб турган кукун кўринишидаги кемирувчиларга қарши дорини уй атрофи, ошхона ва битта хонага сепиб чиққан. Кемирувчиларга қарши дорини сепиш вақти ва сепганидан сўнг хоналарда ўткир ҳид сезилган.

26 январь куни эрталаб Б.Б. ва унинг укаси М.А. қайт қила бошлаган. Беморлар учун “тез ёрдам чақирилган”, лекин ота-онаси болаларнинг уйда даволанишини маъқул кўришган. Аҳволи ўнгланмаган болалар 27 январь куни эрталаб Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига юборилган.

Уларга докторлар “Фосфорорганик бирикмалардан ўткир заҳарланишнинг оғир ва ўрта оғир даражаси” бирламчи ташхисини қўйишган.

Реанимацион чора-тадбирлар олиб борилганига қарамай, эрталабки соат 09:24 да М.А. вафот этган. Б.Б. эса шифокорлар назорати остида сақланмоқда.

Хабарномада нукуслик болаларнинг заҳарланишига “Hot Lanch” сабаб бўлганига оид иддаолар рад этилган.

Нукусдаги кўп қаватли уйда газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етди

Портлаш 29 январь куни юз берган.

Нукусдаги кўп қаватли уйда 29 январь куни газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

30 январь куни 02:30 да қутқарувчилар вайрона остидан 5 ёшли қизни олиб чиққани ва у турли жароҳатлар олгани учун касалхонага ётқизилгани билдирилган эди. Тонгга яқин уй вароналари остидан бир кишининг жасади топилганди. Эрталаб қутқарувчилар яна 4 кишининг жасадини топишган.

“Воқеа жойида фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда”, дейилади вазирлик билдирувида.

Аввалроқ Озодлик 29 январь куни Нукуснинг 22-микрорайонида 4 қаватли уйда газ портлагани ва уйнинг томи қулагани ҳақида хабар қилган эди. Дастлабки маълумотда портлаш оқибатида 2 киши жароҳатланиб, касалхонага ётқизилгани айтилган.

Республика тезкор штаби берган маълумотда қайд этилишича, уйдаги бир нечта хонадоннинг том ва пол қисмлари ўпирилиб, 4-қаватдан 1-қаватгача тушиб кетган.

Портлаш юз берган уйда яшаганлар эвакуация қилингани, улар вақтинча уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлангани айтилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG