Бангфурушга кўмаклашган ИИБ ходими қамалди

Тошкентда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахсга ва бу жиноятда унга кўмаклашган профилактика инспекторига нисбатан ҳукм ўқилди, дея хабар қилди “Kun.uz”.

Суд ҳужжатларига кўра, Андижон шаҳрида яшовчи 29 ёшли Ш.А. Россиядан маиший техника ичига яширилган ҳолда жўнатилган наркотик моддаларни айтилган манзилга етказиш билан шуғулланиб келган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортмаслик ҳамда шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғишда ёрдамлашиши учун Андижон туманида профилактика инспектори лавозимида ишлаган, 1991 йилда туғилган И.Т. билан жиноий тил бириктирган.

Ш.А. 2024 йил 5 март куни Россиядан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан келтирилган гиёҳвандлик моддасини Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ҳудудида қабул қилаётган пайтда ушланган. Тезкор тадбирда у вақтинчалик яшаган Яшнобод тумани Элбек кўчасидаги хонадондан сотиш учун сақланаётган гиёҳвандлик моддаси топилган.

Профилактика инспектори судда айбига қисман иқрорлик билдирган.

Суд ҳукми билан наркокурьер Ш.А.га 11 йил 1 ой, ИИБ ходими И.Т.га эса 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълум бўлишича, наркотик олди-сотдисига ёрдам беришда айбланган профилактика инспектори таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони, қора белбоғ соҳибидир.