Банкларда ID-картадан фойдаланишга рухсат этилди

Тошкентдаги Марказий банк биноси

Ўзбекистонда банк мижозлари бундан буён фуқаролар паспорти билан бир қаторда ID-карта ёки миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланган ҳолда банк хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

Бунга Марказий банк бошқарувининг 2021 йил 26 январида давлат рўйхатидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори асос бўлади.

Қарор билан МБ бошқаруви томонидан қабул қилинган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилган бўлиб, ID-карта ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси воситасида банк хизматларидан фойдаланиш ҳам шулар жумласидандир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга киритилган мазкур ўзгартиришлар банк ва мижоз ўртасида шахсни тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини тақдим этиш билан боғлиқ тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади”, дейилган МБ хабарномасида.

Ўзбекистонда биометрик паспорт ўрнини эгаллаши кутилаётган шахсни идентификация қилувчи карталар (ID-карта) жорий йил 4 январидан берила бошлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.